Рақобат қўмитаси тадбиркорларни хавф даражаси бўйича баҳолайди

Рақобат қўмитаси текширувларни янада шаффоф ва манзилли ташкил этиш учун янги электрон тизим жорий этишни таклиф қилди. Унга кўра, тадбиркорлар ҳуқуқбузарлик хавфи даражаси бўйича таснифланади.

Рақобат қўмитаси тадбиркорларни хавф даражаси бўйича баҳолайди © tadbirkorlik

Рақобат қўмитаси тадбиркорлик субъектларида текширувларни такомиллаштириш мақсадида «хавфни таҳлил этиш» электрон тизимини жорий этишни таклиф қилди. Янги механизм орқали тадбиркорлар қонунчилик талабларини бузиш эҳтимолига қараб баҳоланади ва тегишли хавф тоифаларига ажратилади.

Низом лойиҳасига кўра, электрон тизим рақобат муҳити, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама фаолияти, давлат харидлари ҳамда товар-хомашё биржалари соҳаларида ҳуқуқбузарликлар хавфини аниқлаш учун хизмат қилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, хавф таҳлили натижалари тадбиркорларга нисбатан автоматик равишда жазо чораларини қўллаш учун асос бўлмайди. Шунингдек, баҳолаш жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжатлар ёки маълумотлар талаб қилиш тақиқланади.

Хавф тоифалари

Янги тизим доирасида тадбиркорлик субъектлари юқори, ўрта ва паст хавф тоифаларига бўлинади. Юқори ва ўрта хавф гуруҳига кирувчи субъектларга нисбатан биринчи навбатда профилактика тадбирлари ўтказилади.

Фақат профилактика чоралари етарли бўлмаган ёки қонунчилик талабларини бузиш хавфи сақланиб қолган ҳолатларда текширув ташаббус қилиниши мумкин. Бу эса назорат тадбирларини хавф даражаси юқори бўлган субъектларга йўналтириш имконини беради.

Паст хавф тоифасига киритилган тадбиркорлик субъектларида эса текширувлар ўтказилмаслиги белгиланмоқда. Бу ҳалол фаолият юритаётган бизнес вакилларига ортиқча маъмурий босимни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шаффофликка урғу

Лойиҳада текширувларнинг қонунийлиги ва очиқлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, текширув бошланишидан олдин Бизнес-омбудсманни хабардор қилиш тартиби ҳам жорий этилади.

Теглар

Мавзуга оид