Республика кинематография комиссияси, Миллий ва Бадиий кенгашлар фаолияти тугатилади — Президент

Бугун 15:272 дақиқа

Ижодий эркинлик ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида Республика кинематография комиссияси, Миллий ва Бадиий кенгашлар фаолияти тугатилиши маълум қилинди.

Республика кинематография комиссияси, Миллий ва Бадиий кенгашлар фаолияти тугатилади — Президент © Prezident matbuot xizmati

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувда Республика кинематография комиссияси, Миллий ва Бадиий кенгашлар ҳалигача эскича бошқарув ва самарасиз назорат тизимидан воз кеча олмаётганини қайд этди.

Шу боис кино соҳасида ижодий эркинлик ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ушбу комиссия ва кенгашлар фаолияти бутунлай тугатилади.

Уларнинг ўрнига кинонинг ҳар бир жанри ва мавзусидан келиб чиққан ҳолда тегишли соҳа мутахассисларидан иборат ҳақ тўланадиган эксперт гуруҳлари ташкил этилади. Экспертлар таркиби Киноарбоблари ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси ва Бастакорлар уюшмаси томонидан тавсия этилган мутахассислар ҳисобидан шакллантирилади.

Кино яратишга имтиёзлар

Жорий йилнинг 1 сентябридан давлат буюртмаси асосида кино яратишда тарғибот ва реклама харажатлари учун филм бюджети маблағларининг 30 фоизигача қисми ажратилади. Шунингдек, харид шартномаларини экспертизадан ўтказиш талаби бекор қилинади.
Хорижий компанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида кино маҳсулотлари яратиш билан боғлиқ фаолияти ҳам солиқлардан озод этилади.

Ижодкорларга қўшимча рағбат

Давлат буюртмаси асосида яратилган филмлар намойишидан тушган маблағларнинг 50 фоизи продюсер ва ижодий гуруҳларга қўшимча рағбат сифатида берилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси томонидан ўтказиладиган «Олтин Ҳумо» миллий кино тақдимотининг нуфузини ошириш мақсадида ҳар йили 5 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Мазкур чоралар маҳаллий кино ишлаб чиқарувчиларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва соҳада рақобатни кучайтиришга қаратилган.

Теглар

Мавзуга оид