Рейтинг: 2026 йилнинг энг оммабоп сунъий интеллект воситалари
«ChatGPT» рейтингда мутлақ етакчиликни сақлаб турибди. Ойига 5,3 миллиард ташриф жалб қилаётган мазкур тармоқ ўзидан кейинги 14 та йирик лойиҳанинг умумий кўрсаткичидан ҳам ўзиб кетган.

«ChatGPT» ишга туширилганига ҳали тўрт йил ҳам тўлмасдан, сунъий интеллект (СИ) воситалари интернетдаги энг кўп ташриф буюриладиган манзилларга айланиб улгурди. Бироқ, ушбу бозорда янгидан-янги лойиҳалар узлуксиз ишга туширилаётганига қарамай, асосий веб-трафик ҳамон энг йирик ўйинчилар қўлида тўпланиб қолмоқда.
«AITools.xyz» томонидан «SEMrush» ва «Ahrefs» маълумотлари асосида тайёрланган ушбу таҳлил 2026 йил июн ойидаги ойлик веб-ташрифлар бўйича дунёдаги энг оммабоп 15 та сунъий интеллект воситаси рейтингини акс эттиради.
Қайд этиш лозимки, бу рақамлар фақат веб-сайтларга қилинган ташрифларни қамраб олган бўлиб, мобил илова ва API орқали фойдаланиш статистикаси бунга киритилмаган.
Рейтинг | СИ воситаси | Мамлакат | Ойлик веб-ташрифлар (2026 йил июн) |
1 | ChatGPT | АҚШ | 5,320,000,000 |
2 | Gemini | АҚШ | 1,140,000,000 |
3 | Claude | АҚШ | 967,910,000 |
4 | Canva | Австралия | 759,760,000 |
5 | Google Translate | АҚШ | 343,020,000 |
6 | DeepSeek | Хитой | 318,810,000 |
7 | Grok | АҚШ | 189,890,000 |
8 | JanitorAI | АҚШ | 173,170,000 |
9 | Character AI | АҚШ | 165,460,000 |
10 | Perplexity | АҚШ | 140,700,000 |
11 | Magnific (Freepik) | Испания | 116,840,000 |
12 | Notion | АҚШ | 110,640,000 |
13 | Zoom | АҚШ | 96,240,000 |
14 | Microsoft Copilot | АҚШ | 92,720,000 |
15 | Suno | АҚШ | 81,840,000 |
«ChatGPT» ўзидан кейинги 14 та лойиҳани қўшиб ҳисоблаганда ҳам кўпроқ трафик жалб қилмоқда
2026 йилнинг июн ойи якунларига кўра, глобал тармоқда энг кўп фойдаланилган сунъий интеллект платформалари статистикасида АҚШ маҳсулоти бўлган «ChatGPT» мутлақ рекорд билан пешқадамлик қилмоқда. Мазкур платформага бир ой ичида 5 миллиард 320 миллион марта ташриф буюрилган.
Рейтингдаги етакчи 15 та воситага йўналтирилган умумий веб-трафикнинг тахминан 53 фоизи айнан «ChatGPT» ҳиссасига тўғри келади. Бу эса унинг энг яқин рақобатчиларидан нақадар катта фарқ билан олдинда эканини яққол кўрсатади.
Кучли учликдан 1 миллиард 140 миллион ташриф билан «Gemini» ҳамда қарийб 968 миллион кўрсаткичга эга «Claude» ҳам жой олган.
Американинг мутлақ устунлиги ва глобал рақобатчилар
Рейтингда океан орти давлатининг яққол устунлиги кўзга ташланади — етакчи 15 та воситадан 12 таси АҚШ компанияларига тегишли. Бу эса сунъий интеллект бозоридаги асосий улуш ҳамон Қўшма Штатлар ҳиссасида қолаётганини тасдиқлайди.
Шундай бўлса-да, глобал рақобатда бошқа давлатларнинг ҳам муваффақиятли лойиҳалари ўз ўрнини топиб бормоқда. АҚШ монополиясидан мустасно бўлган лойиҳалар қуйидагилар:
· «Canva» (Австралия): Ўзини сунъий интеллект имкониятлари асосида қайта қурган ва дизайн яратишда оммалашган ушбу платформа 760 миллион ташриф билан 4-ўринни банд этган.
· «DeepSeek» (Хитой): 319 миллион ташриф билан 6-ўринни эгаллаб турибди.
· «Magnific» (Испания): «Freepik» компаниясига тегишли бўлган, тасвирлар сифатини оширувчи мазкур восита 117 миллион ташриф билан 11-ўриндан жой олган.
Бундан ташқари, кундалик иш жараёнларига сингиб кетган ва сунъий интеллект билан бойитилган ««Google Translate», «Notion», «Zoom» ва «Microsoft Copilot» каби воситалар ҳам энг кўп фойдаланиладиган дастурлар қаторидан мустаҳкам жой олган.
Персонажлар билан мулоқот — янги тренд
Виртуал персонажлар билан суҳбат қуриш трафикнинг яна бир эътиборга молик манбаи ҳисобланади. «JanitorAI» (173 миллион) ва «Character AI» (165 миллион) лойиҳалари биргаликда ойига тахминан 339 миллион ташрифни ўзида жамламоқда. Бу, ҳатто, «Perplexity» ва «Microsoft Copilot»нинг умумий кўрсаткичидан ҳам юқори. Бундай тенденция персонажларга асосланган нейротармоқларни универсал ёрдамчилардан кейинги энг йирик йўналишлардан бирига айлантирмоқда.
«Google» ортда қолмоқда
«Google» мазкур рейтингда иккита лойиҳаси билан иштирок этаётган ягона компания ҳисобланади. Унинг «Gemini» платформаси 1,1 миллиард, ««Google Translate» хизмати эса яна 343 миллион ташрифни ўзига жалб этган. Шунга қарамай, уларнинг иккаласи биргаликда ҳам «ChatGPT» трафигининг ҳатто учдан бир қисмига ета олмайди.
Дунёдаги энг етакчи қидирув тизими, энг оммабоп браузер ва мобил операцион тизим эгаси бўлган корпорация учун бу ўта катта тафовутдир. «Microsoft» ҳам худди шундай муаммога дуч келмоқда — унинг «Copilot» лойиҳаси бор-йўғи 93 миллион веб-ташрифни қайд этган, холос.
«ChatGPT» фойдаланувчилар орасида биринчилардан бўлиб оммалашгани туфайли муҳим устунликка эга бўлди. У ишга тушганига ҳали бир йил ҳам тўлмасдан — 2024 йил бошидаёқ дунёнинг энг кўп ташриф буюриладиган сайтлари сафидан жой олган эди.
Айни пайтда «OpenAI», «Google», «xAI» ва «Anthropic» компаниялари энг ақлли сунъий интеллект моделлари учун рақобатда мунтазам равишда ўрин алмашиб турган бўлса-да, бу ютуқлар веб-трафик кўрсаткичларида тўғридан-тўғри ўз аксини топмаяпти.

