Logo

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг сунъий интеллект яратиш бўйича махфий лойиҳаси барбод бўлди

Кеча 20:553 дақиқа

Хакерлар Россия махсус хизматлари одамларни ва интернетни автоматик кузатиш мақсадида тақиқланган Ғарб технологиялари ёрдамида сунъий интеллект яратмоқчи бўлганини фош қилди. Бироқ мазкур махфий лойиҳа ёлланган дастурчиларнинг малакаси ва тажрибаси етмагани сабабли охирига етмай, бутунлай барбод бўлган.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг сунъий интеллект яратиш бўйича махфий лойиҳаси барбод бўлди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари учун кундалик иш жараёнларини осонлаштирувчи ва махсус сунъий интеллектга асосланган ёпиқ тизим яратиш лойиҳаси муваффақиятсизликка учради. Бу ҳақда хакерлар томонидан қўлга киритилган махфий ҳужжатларга таяниб, «Важные истории» нашри хабар берди.

Маълум бўлишича, 2025 йилнинг декабр ойида аноним хакерлар Қозон шаҳридаги «Микорд» компаниясининг серверларини бузиб кирган ва олинган ҳужжатларни ҳуқуқ ҳимоячиларига топширган. Айнан шу ҳужжатлар орқали ФХХнинг оммавий ахборот воситаларидаги хабарларни ўзларининг ёпиқ маълумотлар базаси билан бирлаштирувчи «Паук» номли лойиҳаси устида иш олиб борилгани фош бўлди.

Бу лойиҳани ишлаб чиқиш 2024 йилнинг баҳорида бошланиб, унга ФХХнинг Ахборотни ҳимоя қилиш маркази буюртмачилик қилган.

«Паук» тизими қандай ишлаши керак эди?

Ушбу янги тизимнинг асосий вазифаси ФХХнинг Иккинчи хизмати, яъни Конституциявий тузумни ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши курашиш хизмати ходимларининг ишини автоматлаштиришдан иборат бўлган. Махсус дастур интернет тармоғидаги барча керакли янгиликларни мустақил равишда тўплаб, уларни ички порталга жойлаштириши лозим эди. Шундан сўнг, навбатчи ходим бу хабарлардан раҳбарият учун кунлик ҳисоботларни шакллантириши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, тизимга бириктирилган сунъий интеллект ёрдамчиси нафақат очиқ янгиликлар, балки ФХХнинг ёпиқ базаларидаги маълумотномалар ва оператив ҳужжатлар бўйича ҳам қидирув олиб бориши керак эди.

Тизим ёрдамида махсус хизмат ходимлари муайян шахсларнинг исм-шарифи, туғилган санаси, яшаш жойи, телефон рақами ва автомобили ҳақидаги маълумотларни осонгина топиши режалаштирилган. Ҳужжатлардан маълум бўлишича, ФХХ асосан мухолифат вакилларини кузатиш, мигрантларга нисбатан босимлар ва хориждаги норозилик акциялари каби мавзуларни доимий равишда кузатиб боради. Бу жараёнда улар учун энг асосий маълумот манбаси сифатида мустақил нашрлар, хусусан, «Активатика», «ОВД-Инфо» ва «Медуза» каби лойиҳалар, шунингдек, турли аноним «Telegram» каналлар хизмат қилган.

Санкцияларга қарамай Ғарб технологияларидан фойдаланиш

Ушбу ўта махфий лойиҳани амалга оширишда дастурчилар асосан Ғарб технологиялари ва хизматларига мурожаат қилишган. Масалан, лойиҳанинг дизайни ва фойдаланувчи интерфейсини яратишда Американинг «Figma» сервисидан фойдаланилган бўлса, махфий маълумотларни қайта ишлаш жараёни АҚШ дастурчиларига тегишли бўлган «LlamaIndex» тизими орқали амалга оширилган.

Бундан ташқари, тизимнинг асоси ҳисобланган сунъий интеллект вазифасини Россия ҳудудида экстремистик ташкилот деб топилган ва фаолияти тақиқланган «Meta» компаниясининг «Llama 2» тил модели бажариши кўзда тутилган эди. Шу билан бирга, бутун маълумотлар базасини сақлаш ва бошқариш учун Россия бозорини тарк этиб, ўз фаолиятини бутунлай тўхтатган «MongoDB» платформаси танланган.

Аммо бу режаларнинг ҳеч бири амалга ошмади. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2025 йилнинг кузида якунланиши керак эди, лекин қарийб бир ярим йиллик уринишлардан сўнг ушбу иш тўхтатилди. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, бунга «Микорд» компанияси дастурчиларида сунъий интеллект ва катта тил моделлари билан ишлаш бўйича етарли тажриба ва малака йўқлиги сабаб бўлган. Оқибатда ФСБнинг сунъий интеллектга асосланган махфий ёрдамчи яратиш лойиҳаси бутунлай ёпилган.

Теглар

Мавзуга оид