Logo

Саида Мирзиёева Замонавий санъат марказининг очилишида қатнашди

Бугун 19:241 дақиқа

У марказ Марказий Осиёда шу турдаги биринчи рақамли мажмуа эканини айтди.

Саида Мирзиёева Замонавий санъат марказининг очилишида қатнашди © Saida Mirziyoyeva Telegram kanali

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳрида Замонавий санъат маркази очилишида иштирок этди.

Ушбу даргоҳда кўргазма заллари, кутубхона, концепт-стор, таълим майдонлари ҳамда учрашув ва тадқиқотлар учун мўлжалланган жамоат ҳудудлари ўрин олган.

«Қамровининг бу қадар кенглиги уни бутун Марказий Осиё минтақасида шу турдаги биринчи рақамли мажмуа даражасига олиб чиқмоқда», — дея ёзди у саҳифасида.

Янги маданий кластер 1912-йилда қад ростлаган собиқ дизел электр станциясининг тарихий биносида жойлашган. Иншоотнинг меъморий трансформацияси дунёга машҳур «Studio KO» бюроси томонидан амалга оширилди. Унинг таъкидлашича, энди у ерда кўргазмалар, илмий изланиш жараёнлари, маърузалар, очиқ мулоқотлар, филм намойишлари, концерт ва перформанслар мунтазам ўтказиб борилади.

«Мамлакатимизда яна бир шундай нуфузли, замонавий майдоннинг вужудга келгани алоҳида аҳамиятга эга. “CCA Tashkent” ижодкорлар, кураторлар ва халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, ўзбекистонлик истеъдод эгаларининг янги аудиторияга чиқиши ҳамда хорижий саҳналарда муносиб эътироф топишига замин яратади», — дейди администрация раҳбари.

У мазкур лойиҳа президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг катта саъй-ҳаракатлари натижасида рўёбга чиққанини қўшимча қилди.

Теглар

Мавзуга оид