Самарқандда блогер отасининг ўлими бўйича текширув талаб қилмоқда
«Файзбоғ» телеграм канали муаллифи, блогер Темурмалик Тожиддинзода отасининг руҳий шифохонага ётқизилгандан кейинги вафоти юзасидан прокуратурага мурожаат қилиб, ҳолатни очиқ ва адолатли текширишни талаб қилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда блогер Темурмалик Тожиддинзода отасининг вафоти билан боғлиқ ҳолат юзасидан мурожаат эълон қилди. Маълум қилинишича, отаси В.Т. 1956 йилда туғилган, II гуруҳ ногирони бўлиб, сўнгги пайтларда алцгеймер касаллиги билан оғриган.
«10 апрел куни отам сирли равишда ғойиб бўлди. Бир сутка давомида қилган қидирув ишларимиз натижасида, уни Самарқанд шаҳар ИИБ Самарқанд тумани руҳий хасталар шифохонасига олиб бориб қўйганини аниқладик. Кейинчалик, бундан жаҳлимиз чиқиб, ўша куннинг ўзидаёқ отамни уйга олиб келтирмоқчи эдик, бироқ иш кунлари тугагани сабабли (шанба куни эди), у ердаги врачлар бизга беморни фақатгина душанба куни бошлиқнинг рухсати билан қўйиб юборишини айтиб беришмади. Душанба куни эрта саҳар билан олиб келдик. Аммо, унинг аҳволи ўша пайтда ўта оғир эди. Шифохонадаги «қассоб» шифокорлар отам қонига ўта кучли таъсир қилувчи препаратларни юборган ва у уйига қайтганидан кейин бир сутка давомида ўзига келмай ётиб, охири 14 апрел, сешанба куни ҳалок бўлди» — деб ёзади блогер ўзининг саҳифасида.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратурасига ариза киритилгани маълум қилинди. Марҳумнинг жасади суд-тиббий экспертизадан ўтказилган бўлиб, натижалар кутилмоқда.
Блогер ушбу ишни ўрганиш юзасидан бир қатор саволлар қаттиқ назорат остида кўриб чиқилишини талаб қилди:
1. Отам қандай қилиб руҳий шифохонага тушиб қолди? Уни ким уёққа олиб борди ва нима учун оила аъзоларини бундан хабардор қилмади?
2. Отамни ким ва қандай препаратлар билан унинг ўлимига олиб келувчи уколлар қилдирди? Экспертиза жавоблари чиққунча ҳолат кейинчалик ёпди-ёпди бўлиб кетмаслигига кафолатлар керак.
3. Қайсидир бир кичик ходим арзимас жазо олиб, воқеа бости-бости бўлиб кетишига йўл қўймаслик керак. Самарқанд туманидаги руҳий хасталар шифохонаси фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилиши ва ундаги иш жараёни ҳамда ходимлар малакасига тегишли ҳуқуқий ва профессионал баҳо берилиши лозим. Агар биздан олдин ҳам кимдир шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келган бўлса, менга мурожаат қилишларини сўраб қоламан.
Журналист Илёс Сафаров вазиятга нисбатан ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қуйидагича фикр билдирган.
«Амалдаги қонунчиликка кўра, шахсни руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштириш фақат суд қарори асосида амалга оширилади. Бу борада истиснолар назарда тутилмаган. Агар постда келтирилган ҳолат ўз тасдиғини топса, суд қарорисиз бундай чорани қўллаган ички ишлар органлари ходимлари ҳамда тегишли ҳужжатларсиз беморни қабул қилган шифохона раҳбарияти қонунда белгиланган энг оғир жавобгарликка тортилиши шарт».
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновга кўра, иш юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши таъминланиб, натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилинади», – дейилади Идора матбуот хизмати раҳбари хабарида.





