Logo

Самарқанддаги Мингтепа ёдгорлигида VIII асрга оид ҳукмдорлар саройи топилди

Бугун 08:401 дақиқа

Олимлар бу топилмалар илк асрлар давлатчилиги ва ҳудуд тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.

Самарқанддаги Мингтепа ёдгорлигида VIII асрга оид ҳукмдорлар саройи топилди © Foto: gov.uz/uz/madaniymeros

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида жойлашган Мингтепа археологик ёдгорлигида милодий VIII асрга оид эҳтимолий ҳукмдорлар саройи ҳамда ҳайкалтарошлик намуналари аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар қилди.

Тадқиқот ва археологик қазишма ишлари Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтининг илмий ходимлари Амриддин Бердимуров, Ҳусниддин Раҳмонов ва Нигора Маҳкамовалар томонидан амалга оширилмоқда.

Қазишмалар натижасида ёдгорликнинг Арк (қалъа) қисмида жойлашган, милодий VIII асрнинг биринчи ярмига мансуб бўлган сарой мажмуасининг меъморий тузилиши очиб берилган.

«Иншоотнинг қурилиш услуби илк асрлар даври шаҳарсозлиги, меъморчилиги ҳамда давлат бошқарув тизимини ўрганишда муҳим илмий манба ҳисобланади», — дея таъкидлаган мутахассислар.

Ҳайкалтарошлик топилмалари ва уларнинг аҳамияти
Шунингдек, қазишма ишлари давомида саройнинг зал қисмидан VIII асрга оид ҳайкалтарошлик намуналари ҳам топилган бўлиб, ҳозирда улар юзасидан илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Археологлар мазкур артефактлар ҳудуд тарихини чуқурроқ ўрганишга ёрдам беришини билдирган.

«Мазкур топилмалар Мингтепа ёдгорлигининг сиёсий, маданий ҳаёти, илк асрлардаги ҳудуднинг тарихий тараққиёти ҳақида янги илмий хулосалар чиқаришга хизмат қилади», — дея қайд этган тадқиқотчилар.

Теглар

Мавзуга оид

Самарқанддаги Мингтепа ёдгорлигида VIII асрга оид ҳукмдорлар саройи топилди | Vaqt.uz