Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларга қанақа кинолар кераклигини айтди

Президент санъат ва маданият соҳасида миллий руҳ масаласига алоҳида тўхталди.

Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларга қанақа кинолар кераклигини айтди © Foto: president.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашувда мамлакатга қандай кино ва санъат кераклиги ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари миллий руҳ ва ғоянинг ижодий асарларда етарлича акс этмаётганига эътибор қаратди.

Президентнинг таъкидлашича, жамият тараққиётида санъат ва маданиятнинг ўрни беқиёс ҳисобланади. Бироқ айрим ҳолларда миллий руҳнинг етишмаслиги сезилмоқда.

«Саҳна асарлари бор, лекин кучли таъсири йўқ. Қўшиқда овоз бор, лекин халқнинг ўткир нафаси сезилмаяпти. Кинода ҳаракат бор, лекин халқнинг дарди, ғурури ва характери кўринмаяпти. Баъзи асарларда шакл бор, лекин катта ғоя йўқ», — деди Президент.

Давлат раҳбари миллий ўзлик ва руҳиятни ифода этишда ижод ва санъатдан кўра таъсирчанроқ восита йўқлигини таъкидлади.

Миллий руҳга чақириқ

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мамлакатга миллий руҳни уйғотадиган санъат, халқни илҳомлантирадиган адабиёт ва ёшларга фахр ҳамда ифтихор бағишлайдиган кино керак.

Президент халқ қалбида Ватанга муҳаббат ва миллатга садоқат туйғуларини мустаҳкамлайдиган асарлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

«Шу боис, ҳар йили мазкур йўналишда ҳам танловлар ўтказиб борилади. Гран-при соҳибларининг ижодини янада қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратилади», - дейилади хабарда.

Теглар

Мавзуга оид