Logo

Шахмат доналарининг ўрни алмашди. Ким қаерга ишга ўтди?

Бугун 20:485 дақиқа

Президент маслаҳатчиси Сардор Умрзоқов ишдан олиниб, бошқа лавозимга қўйилди. Лавозими ошган Каттахонова Стандфордга кетмайдиган бўлди. Ўзбек сиёсатида навбатдаги «рокировка» қандай кечгани ҳақида Vaqt.uz материалида танишинг.

Ўзбекистонда навбатдаги иш кунида янги тайинловлар амалга оширилди. Бу ўзгаришлар асосан 5 нафар кадр билан боғлиқ ва улар орасида сизга таниш чеҳралар ҳам йўқ эмас. Ким қаерга ишга ўтди ёки қаердаги курсисидан олинди деяётган бўлсангиз керак. Бу гал ўзбек сиёсатидаги охирги тайинловлар ва уларга ишониб топширилган ишлар ҳақида бафуржа сўз юритамиз.

Президент Мирзиёевнинг фармони билан Сардор Умрзоқов президентнинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди. Негаки ушбу лавозим тугатилди. Бироқ Умрзоқовга янги вазифа топширилди. Эндиликда ишга киришадиган бу сафарги лавозими олдингисидан унчалик ҳам фарқ қилавермайди. Яъни у Президент ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори бўлди. Соҳа бир, йўналиш бир, фақат лавозим номида фарқлилик бор, холос.

Эсингизда бўлса, 2023-йилнинг август ойида Президент Администрацияси раҳбари лавозими тугатилганидан сўнг ҳам ўша кунгача унга «бош» бўлиб келган Сардор Умрзоқовга бошқа жойдан иш беришганди. Ўзи Умрзоқов қаерларда ким бўлиб ишлаган? Бир эсга олсак.

Сардор Умрзоқов 1977-йил 23-ноябрда Тошкентда туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бакалаврни ва Британиянинг Reading университетида магистратурани ўқиган.

2007-йилдан эътиборан 7 йил давомида Умрзоқов Молия вазирлиги Ғазначилиги бошлиғи ўринбосари, биринчи ўринбосари, Тошкент шаҳар Ғазначилиги бошлиғи лавозимларида ишлаган. У 2014–2017-йилларда «Ўзбекчармпоябзали» уюшмаси бошқаруви раисининг маслаҳатчиси, 2017–2018-йилларда раис ўринбосари бўлган. Уюшма қайта ташкил этилиб, «Ўзчармсаноат»га айлантирилгач, 2018–2019-йилларда унга раислик қилган.

Сардор Умрзоқов 2019-йил 28-январда инвестициялар ва ташқи савдо вазири бўлди ва бироз вақт ўтиб, 2022-йилнинг 16-июль куни Президент Администрацияси раҳбарлигига ишга ўтказилган. Аммо яна бир йил ўтиши биланоқ, 2023-йилнинг август ойида унинг лавозими яна бошқасига алмаштирилди. Чунки Президент Администрацияси раҳбари лавозими тугатилди. У Янги Ўзбекистондаги энг қудратли, чексиз имкониятларга эга тузилма бўлган ва доимий эътибор марказида эди. 2020-йилдан 2025-йилгача ўтган 5 йил давомида 5-марта ўзгаришга юз тутган Президент Адмиминистратсиясини ушбу вақт ичида Зайнилобиддин Низомиддинов, Сардор Умрзоқов ва Азиз Мағрупов бошқарди. Тугатилган бу ташкилот 2025-йил июлда яна қайта тузилиб, бошқарувда навбат президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёевага берилди.

Бу вақт ичида, аниқроғи 2 йил Умрзоқов президент Мирзиёевга махсус топшириқлар бўйича маслаҳат бериб турди. Саида Мирзиоева қаторида ўтган йил ёзда Умрзоқов ҳам янги ишга ўтказилди. Галдаги вазифа ҳам давлат раҳбарига маслаҳатчилик қилиш эди, фақат Ўзбекистонни стратегик ривожлантириш бўйича. Бу ёз ҳам келди ва ҳар ёзда бўлиб келаётганидек 10-июль куни Умрзоқов яна бир тайинловга юз тутди. Бугунданоқ Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори бўлиб ишга киришган ва Умрзоқов ўтирган курсида шу кунгача Абдулла Абдуқодиров эди. Лекин президентнинг жорий йил 12 -майдаги фармони билан директор вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб фаолият юритиб келган Абдуқодиров директорлик курсисида бор йўғи 2 ойча ўтирди, холос. Президент матбуот хизматига кўра, у ҳам бошқа ишга олинган. Аммо унга қаердан иш теггани ҳақидаги маълумот ҳозирча очиқ эмас.

Абдуқодиров ким?

Иқтисодиёт фанлари доктори, иқтисодиёт соҳасида кўп йиллик тажрибага эга мутахассис бўлмиш Абдулла Абдуқодиров охирги йилларда инвестициялар ва стратегик ривожланиш йўналишида фаолият юритиб келмоқда. Бунгача у Молия вазирлигида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган, жумладан вазир ўринбосари ва вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Шунингдек, Давлат мулк қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва такомиллаштириш маркази бош директори бўлган. Фаолияти давомида хусусий сектор ва банк тизимида ҳам ишлаган, хусусан ABN AMRO банкининг Ўзбекистондаги филиалида бошқарув раиси ўринбосари, «InfinBank» кузатув кенгаши аъзоси бўлган.

2020–2022-йилларда инвестициялар ва ташқи савдо вазири маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. 2022-йилнинг декабридан агентлик директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 

Абдуқодиров қаерга ишга ўтказилгани ёки умуман давлат ишида қолдими ёки йўқ, маълумот берилмади.

Шахматда ҳар бир донанинг ўз вазифаси бўлгани каби давлат бошқарувида ҳам кадрларнинг масъулиятли иши мавжуд. Ҳар бир раҳбар ходим ўз вазифасини сидқидилдан, масъулият билан бажарса, бошқарув тизими изчил ва самарали ишлайди. Тизимдаги ҳар бир бўғин ўз функцияларини тўғри бажарса, натижада жамият тараққиёти, халқ фаровонлиги ва давлат мустаҳкамлиги таъминланади.

Тайинловлар кунида, навбатдаги ўзгариш Музаффар Комилов билан бўлди. У президентнинг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчисига айланди. У бу ишда март ойидан бери иш юритиб келаётганди. Комиловнинг аввалги лавозимининг вазифаси ҳам бугун эгаллаган лавозими бажарадиган ишлар билан деярли ўхшаш. Умуман олганда, унинг биографияси айнан дин масалалари билан кечган. Қолаверса, Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетларида проректор лавозимларида иш олиб борган.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, Комилов 2018-йил 18-апрель санасидан бошлаб Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, 2021-йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори бўлган. 2022-йил 2-фераль кунидан бошлаб Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод қилинганди ва Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига қўйилди. Ҳозирги тайинловнинг март ойидагисдан фарқли жиҳати йўқ. Шунчаки яна бир бор тасдиқланди, холос. Президент матбуот хизмати ёзган хабардан шу англашилади.

Станфордга ўқишга кирган Каттахонова

Ишдан олинганлар қаорида бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳам бор. Абдуқодиров сингари унга ҳам қайси ташкилотдан иш берилгани очиқланмади. Вақтида Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокими ҳам бўлган Маҳкамова 2022-йил 1-мартдан буён бош вазирга ўринбосар эди.

Аммо унинг вориси аниқ, Стандфордга ўқишга кирган ва янги тайинлов сабаб Америкага кетмайдиган Дилноза Каттаханова. У бунгача Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган эди. Ушбу лавозим ўзгариши давлат раҳбарининг 30-июнь кунги ёшлар билан учрашувда ҳукуматдаги турли лавозимларга ёш кадрларнинг олиб келиниши сиёсати давом этиши ҳақидаги фикрлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) даражасига эга, Гарвард университетининг Жон Кеннеди номидаги давлат бошқаруви мактабининг магистрлик дастури тингловчиси бўлган Дилноза Каттаханова, таҳририятимизнинг Ёшлар ишлари агентлигидаги манбасига кўра, шу кунларда АҚШдаги хусусий Станфорд университетига ўқишга ҳам кирган эди. Аммо тайинловдан кейин энди у Калифорнияга кетмайди.

Ҳали апрелда президентининг маданият бўйича вакили бўлган Ғиёсиддин Ражабов ёзга келиб бошқа ишга ўтган ва шу сабаб у бу ишни давом эттирмайди. Унинг ўрнини Ҳасан Солихов эгаллайди. У бунгача Креатив индустрия парки директори лавозимида ишлаб келган.

Хуллас мамлакатнинг юқори лавозимларидаги бугунги ўзгаришлар шулар. Ўз йўналишлари бўйича ишларига муваффақият тилаган ҳолда, мамлакат тараққиётига улкан ҳисса қўшишига умид қиламиз.

Теглар

Мавзуга оид

Шахмат доналарининг ўрни алмашди. Ким қаерга ишга ўтди? | Vaqt.uz