«Сўнгги қўнғироқ» олдидан битирувчилар ва ота-оналар огоҳлантирилди

Бугун 17:501 дақиқа

Яқиндагина Қўқондаги ЙТҲда 9-синф ўқувчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 10 ёшли уч нафар қизалоқни уриб юборган эди.

«Сўнгги қўнғироқ» олдидан битирувчилар ва ота-оналар огоҳлантирилди

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати эртага, 25 май куни бўлиб ўтадиган «Сўнгги қўнғироқ» байрами тадбирлари арафасида мактаб битирувчилари ва уларнинг ота-оналарини огоҳлантирди.

Идоранинг таъкидлашича, ҳар йили ушбу сана яқинлашиши билан йўлларда ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган ўқувчиларнинг транспорт воситаларини бошқаришлари билан боғлиқ ҳолатлар кузатилади.

Шу сабабли ЙҲХХ ота-оналардан фарзандларига автомобил калитини ишониб топширмасликни, ўқувчи ёшлардан эса ҳайдовчилик ҳуқуқисиз рулга ўтириб, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликни қатъий сўраган. Байрам куни фарзандни хурсанд қилишга уриниш фожиа билан якунланиши ва унинг келажагига тузатиб бўлмас зарар етказиши мумкинлиги эслатиб ўтилган.

Назоратнинг кучайтирилишига сўнгги пайтларда ўқувчиларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомобил рулига ўтириши ва бунинг оқибатида оғир йўл-транспорт ҳодисалари кўпаяётгани сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, яқиндагина Қўқонда 9-синф ўқувчиси бобосининг рухсати билан автомобиль калитини олиб, машинани ювиш баҳонасида ҳайдаб кетиши оқибатида пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 10 ёшли уч нафар қизалоқни уриб юборган эди; ҳодиса оқибатида бир нафар ўқувчи қиз шифохонада вафот этган, икки нафари оғир жароҳатланган, вояга етмаган ҳайдовчига нисбатан эса Жиноят кодексининг 266 ва 267-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, у ҳибсга олинган.

Теглар

Мавзуга оид