«Ташаббусли бюджет»нинг янги мавсуми бошланди
Фуқаролар 3 августга қадар ўз ташаббусларини Openbudget.uz порталига киритишлари мумкин бўлиб, ғолиб лойиҳалар 1 сентябр — Мустақиллик байрами куни эълон қилинади.

Ўзбекистонда 15 июлдан бошлаб «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2026 йилги иккинчи мавсуми лойиҳа киритиш босқичига старт берилди. Ташаббускор фуқаролар 3 августга қадар ўз лойиҳаларини Openbudget.uz портали орқали илгари суришлари мумкин.
Мазкур мавсум «Ташаббусли бюджет» жараёни жорий этилганидан буён ўтказилаётган ўн биринчи мавсум ҳисобланади. Овоз бериш босқичи якунларига кўра асосий ғолиб лойиҳалар 1 сентябр — Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами куни эълон қилиниши режалаштирилган.
Мавсум доирасидаги жараёнлар қуйидаги календар асосида амалга оширилади:
• 15 июлдан 3 августгача — лойиҳаларни киритиш;
• 4–18 август кунлари — лойиҳаларни саралаш;
• 19–21 август кунлари — тарғибот босқичи;
• 22–31 август кунлари — овоз бериш босқичи;
• 1–10 сентябр кунлари — қўшимча ғолибларни эълон қилиш.
Кетма-кет ғолиб бўлган маҳаллалар учун чекловлар
Янги мавсумда «Ташаббусли бюджет» жараёнида кетма-кет икки мавсумда ғолиб бўлган маҳаллалар учун навбатдаги икки мавсумда лойиҳа киритишни чеклаш амалиёти қўлланилмоқда. Шунга кўра, жорий мавсумда лойиҳа киритиш имконияти чекланган маҳаллалар рўйхати шакллантирилган ва эълон қилинган. Бироқ танаффус қўлланган маҳаллалар ҳам шерикчилик асосидаги лойиҳаларни илгари суриш ҳуқуқига эга бўлади.
Овоз тўпламасдан автоматик ғолиб бўлувчи шериклик лойиҳалари
2026 йилдан бошлаб тизимда лойиҳаларни шерикчилик асосида биргаликда молиялаштириш амалиёти жорий этилган. Қоидаларга кўра, агар фуқаролар лойиҳа қийматининг 50 фоиз қисмини молиялаштирса, қолган қисми давлат бюджетидан ажратиб берилади. Мазкур ҳолатда лойиҳа учун овоз тўплаш талаб этилмайди ва у автоматик тарзда ғолиб бўлади.
Таъкидланишича, лойиҳаларни шерикчилик асосида амалга ошириш мутлақо ихтиёрий ҳисобланади. Фуқаролар бундай лойиҳаларни ҳам 3 августга қадар тақдим этишлари мумкин.





