Logo

Telegram’нинг Android версиясида янги функция пайдо бўлди

Бугун 10:251 дақиқа

Telegram овозли хабарлар учун янги функцияни синовдан ўтказмоқда. Ундан ҳозирча фақат Premium обуначилари фойдалана олади.

Telegram’нинг Android версиясида янги функция пайдо бўлди

Telegram’нинг Android учун 13.0.3 бета-версиясида овозли хабарларни ёзиш жараёнидаёқ матнга айлантириш функцияси пайдо бўлди. Бу ҳақда Kod.ru хабар берди.

Янги функциядан фойдаланиш учун овозли хабарни ёзиш пайтида микрофон белгиси устида бармоқни юқорига суриш ва танаффус тугмаси ёнидаги «Aa» белгисини босиш керак. Аудио қайта ишланганидан кейин фойдаланувчи суҳбатдошига матн ёки асл овозли хабарни юборишни танлаши мумкин.

Ёзувни давом эттириш ёки унинг кераксиз қисмини кесиб ташлаш ҳам мумкин. Бундай ҳолларда хабарни матнга қайта айлантириш имконияти таклиф этилади.
Функция ҳали синов босқичида бўлиб, айрим ҳолларда нотўғри ишлаши мумкин. Ундан ҳозирча фақат Telegram Premium обуначилари фойдалана олади.

Овозли хабарларда шовқинни камайтириш имконияти ҳам пайдо бўлди

Бета-версияда «Voice Messages» номли тажрибавий созламалар бўлими ҳам қўшилган. Унда овозли хабарларни ёзишни яхшилашга қаратилган RNNoise технологияси мавжуд.

RNNoise — фон шовқинини камайтириш учун нейрон тармоқлардан фойдаланадиган очиқ кодли технология. У инсон овозини атрофдаги шовқинлардан ажратиб, аудио сифатини яхшилашга ёрдам беради.

Telegram’да қабул қилинган овозли хабарларни матнга айлантириш имконияти аввалдан мавжуд эди. Янги функция эса бу жараённи хабарни юборишдан олдин амалга оширишга имкон беради.

Теглар