Тиббиёт муассасаларида беморлардан 440 млн сўмга яқин асоссиз маблағ олингани аниқланди

Бугун 12:152 дақиқа

Рақобат қўмитаси Сирдарё ва Жиззах вилоятидаги тиббиёт муассасаларида пуллик хизматлар нархлари шакллантирилишида 350 минга яқин фуқаролардан асоссиз маблағ олинган ҳолатларни аниқлади.

Тиббиёт муассасаларида беморлардан 440 млн сўмга яқин асоссиз маблағ олингани аниқланди © president.uz

Рақобат қўмитаси аҳолига кўрсатилаётган пуллик тиббий хизматлар нархларининг шакллантирилиши қонунчилик талабларига мувофиқлигини ўрганиш ишларини давом эттирмоқда. Назорат тадбирлари давомида Сирдарё ва Жиззах вилоятидаги йирик тиббиёт муассасалари фаолиятида қатор камчиликлар аниқланган.

Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Гулистон тиббиёт кластерида ўтказилган текширувларда муассаса 2024 йил давомида кўрик хизматлари бўйича билвосита харажатларни тақсимлаш коэффициентини ҳисоблашда хатоликка йўл қўйгани маълум бўлди.

Бунинг оқибатида 110 турдаги пуллик тиббий хизматлар бўйича қарийб 100 минг нафар истеъмолчи билан ҳисоб-китоблар нотўғри амалга оширилган ва муассаса томонидан 340 млн сўмга яқин асоссиз даромад олинган.

Рақобат қўмитаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига кўра, хизмат кўрсатувчилар истеъмолчиларга хизматлар ҳақида аниқ ва тушунарли маълумот бериши шартлигини, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш тақиқланганини таъкидлади.

Шу асосда ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан Гулистон тиббиёт кластерига нисбатан қарийб 340 млн сўм маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича мажбурий кўрсатма берилди.

Жиззахда ҳам қонунбузилиш аниқланди

Жиззах вилоятидаги Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази филиалида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилган. Текширувларга кўра, 2023–2025 йиллар давомида пуллик тиббий хизматлар нархлари нотўғри ҳисоблангани сабабли 40,5 мингга яқин мижоздан 100 млн сўмдан ортиқ маблағ асоссиз ундирилган.

Махсус комиссия қарори билан мазкур филиалга нисбатан иш қўзғатилиб, истеъмолчилардан ортиқча ундирилган маблағни қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

Теглар

Мавзуга оид