Logo

Толиблар АҚШни Афғонистонга қайтишга таклиф қилди

Айни пайтда АҚШда Афғонистон Марказий банкининг миллиардлаб доллар маблағлари ҳамон музлатилган ҳолда қолмоқда. «Толибон» вазири Вашингтон тўғонлар ҳамда йўллар қурилишига инвестиция киритиши мумкинлигини айтди.

Толиблар АҚШни Афғонистонга қайтишга таклиф қилди © The New York Times

«Толибон» муваққат ҳукумати АҚШни Афғонистонда дипломатик фаолиятини қайта тиклашга ва мамлакат иқтисодиётига сармоя киритишга чақирмоқда. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий «The New York Times» газетасига берган интервьюсида айтди.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Қобулдаги элчихонасини қайта очиши, дипломатик фаолиятини тиклаши ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш, тўғонлар ҳамда йўллар қурилишига маблағ киритиши мумкин.

«Биз уруш даври тугаган деб ҳисоблаймиз. Энди ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар ва ижобий ҳамкорликнинг янги босқичини хоҳлаймиз», — деди Муттақий.

Шу билан бирга, Афғонистон ҳукумати Америка ҳарбийларининг мамлакатга қайтишини истамаслигини таъкидлади.

АҚШ қуролли кучлари 2021-йил 31-август куни Афғонистонни тўлиқ тарк этган. Шу билан АҚШнинг мамлакатдаги 20 йиллик ҳарбий иштироки якунланган. АҚШнинг Қобулдаги элчихонаси эса 2021-йил 15-август куни, «Толибон» ҳужуми фонида америкалик дипломатларни зудлик билан эвакуация қилиш бошланган пайтда ўз фаолиятини тўхтатган. Дипломатик миссия вақтинча Қатар пойтахти Доҳага кўчирилган.

Сўнгги вақтларда Трамп маъмурияти «Толибон»дан аста-секин узоқлашиб бормоқда. АҚШ афғонистонликларга виза беришни вақтинча тўхтатди ва уларнинг мамлакатга киришини тақиқлади. Бундан ташқари, америкаликлар йил бошида Афғонистон ҳудудига ҳаво зарбалари берган Покистон билан муносабатларини яқинлаштирди. Шунингдек, АҚШ «Толибон»нинг доимий ҳамкорларидан бири бўлган Эрон билан урушга ҳам аралашиб қолди.

Айни пайтда АҚШда Афғонистон Марказий банкининг миллиардлаб доллар маблағлари ҳамон музлатилган ҳолда қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистоннинг собиқ вазири Ўзбекистоннинг Қўштепа каналини баҳс остига қўйиш учун асослари етарли эмаслигини айтганди.

Теглар

Мавзуга оид