Тошкентда Амир Темур таваллудига бағишланган ҳарбий юриш ўтказилади

Бугун 17:031 дақиқа

4-апрел куни пойтахтда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий бўлинмалар иштирокида тантанали пиёда юриш ташкил этилади.

Тошкентда Амир Темур таваллудига бағишланган ҳарбий юриш ўтказилади

Тошкент шаҳрида буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан кенг кўламли ҳарбий тадбир ўтказилиши режалаштирилган. Унда Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий бўлинмалари иштирок этади.

Маълум қилинишича, тантанали пиёда юриш соат 08:00 да Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ҳудудидан бошланади. Тадбир тахминан 12:30 га қадар давом этиши кутилмоқда.

Ҳарбийлар дастлаб «Паркент» ва «Мустақиллик» кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб, Амир Темур хиёбони ҳудудига етиб боради. Бу ерда асосий маданий ва ҳарбий дастурлар намойиш этилади.

Жумладан, тадбир доирасида Амир Темур даврига хос қурол-аслаҳа ва либослар намойиши, театрлаштирилган чиқишлар, фахрий қоровул жамоасининг чиқишлари ҳамда қўл жанги усталарининг кўргазмали машқлари ўтказилади. Шунингдек, ҳарбий оркестр томонидан дефиле намойишлари ҳам ташкил этилади.

Тадбир якунида ҳарбий бўлинмалар «Мустақиллик» ва «Темирйўл» кўчалари орқали бошланғич нуқтага қайтиши белгиланган.

Масъуллар 4 апрел куни соат 08:00 дан 12:30 гача мазкур кўчаларда автотранспорт ҳаракати вақтинчалик чекланишини маълум қилди. Шу муносабат билан аҳолидан ҳаракатланишда эҳтиёткор бўлиш ва айланма йўллардан фойдаланиш сўралди.

2026-04-03 17.05.39

Теглар

Мавзуга оид