Тошкентда фаровон яшаш учун ойига қанча пул керак?
Numbeo халқаро маълумотлар базаси Тошкентдаги яшаш харажатларини таҳлил қилиб, оила ҳамда якка шахс учун зарур бўлган ойлик бюджет миқдорини маълум қилди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaТошкентда фаровон яшаш учун ойига қанча пул кераклиги маълум қилинди. Дунёнинг энг йирик онлайн маълумотлар базаларидан бири бўлган Numbeo маълумотларига кўра, пойтахтда тўрт кишилик оиланинг ижара харажатларисиз ойлик эҳтиёжлари ўртача 23 млн 512 минг сўмни ташкил этади. Бир нафар киши учун эса фаровон турмуш кечириш харажатлари 6 млн 343 минг сўмга баҳоланган.
Таҳлилларга кўра, овқатланиш харажатлари аҳоли бюджетининг муҳим қисмини ташкил этмоқда. Пойтахтда арзон ресторанда бир кишилик овқатланиш ўртача 70 минг сўм, ўрта тоифадаги ресторанда икки киши учун кечки овқат 400 минг сўмга тушади. Fast Food тармоқларида эса бир марта овқатланиш ўртача 55 минг сўмни ташкил қилади.
Озиқ-овқат нархлари
Numbeo маълумотларида асосий истеъмол маҳсулотлари нархлари ҳам келтирилган. Хусусан, бир литр сут ўртача 14,7 минг сўм, бир килограмм гуруч 21,9 минг сўм ва 12 дона тухум 22,4 минг сўмдан баҳоланган.
Шунингдек, бир килограмм мол гўшти 137,9 минг сўм, товуқ филеси 48,2 минг сўм, олма 16,7 минг сўм ва банан 22,1 минг сўмни ташкил этади. Помидорнинг ўртача нархи 19,1 минг сўм, картошка 7 минг сўм ва пиёз 4,7 минг сўм этиб қайд этилган.

Мазкур кўрсаткичлар аҳолининг кундалик истеъмол саватини шакллантирувчи асосий маҳсулотлар харажатларини акс эттиради.
Шу билан бирга, 85 квадрат метрли квартира учун коммунал тўловлар 340 минг сўмдан 1,2 млн сўмгача ўзгаради.
Ойлик интернет хизмати ўртача 150 минг сўм, мобил алоқа харажатлари эса 49 минг сўм атрофида баҳоланган. Хусусий боғчалар нархи 3–7,1 млн сўм, халқаро мактабларда таълимнинг йиллик қиймати эса 129 млн сўмдан юқори.

Энг катта харажатлар
Таҳлилга кўра, умумий харажатларнинг 30,4 фоизи турли маҳсулотлар харидига тўғри келади. Ижара тўловлари улуши 26,9 фоизни ташкил қилса, ресторанларда овқатланиш харажатлари 15,2 фоизга етган. Транспорт харажатлари 9,5 фоизни, спорт ва бўш вақт машғулотлари эса 8,1 фоизни ташкил этади.






