Трамп Ҳўрмуз бўғози ёпилишини олдиндан билган — «The Wall Street Journal»
АҚШ Президенти Доналд Трамп Эронга қарши ҳарбий амалиёт бошлашдан аввал Ҳўрмуз бўғози қамал қилиниши мумкинлигидан огоҳлантирилган, бироқ у тезкор ғалабага ишониб, бу хавфни эътиборсиз қолдирган.

«The Wall Street Journal» нашрининг Оқ уйдаги манбаларига таяниб хабар беришича, Трамп Эрон қуролли кучларини тез фурсатда мағлуб этишига заррача шубҳа қилмаган. Ҳарбий амалиётга розилик беришдан аввал у маслаҳатчилари билан Теҳронга босим ўтказиш усулларини, жумладан, ҳарбий флот ёрдамида танкерларни кузатиб бориш режаларини муҳокама қилган. Трамп ўз жамоасига Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпишга улгурмасдан таслим бўлишини айтган, бироқ воқеалар ривожи президентнинг ҳисоб-китоблари хато эканини кўрсатди.
Бош штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари, генерал Дэн Кейн брифингларда Исроил ва АҚШ ҳужумига жавобан Эрон миналар, дронлар ва ракеталардан фойдаланган ҳолда сув йўлини тўсиб қўйишини бир неча бор таъкидлаган. Шундай бўлса-да, Трамп ҳарбий амалиётни бошлашга буйруқ берди. Ҳозирда дунёдаги нефт экспортининг 15 фоизи ва суюлтирилган табиий газнинг (СТГ) 20 фоизи ўтадиган ушбу стратегик йўлак икки ҳафтадан бери амалда ёпиқ қолмоқда.
Глобал энергия қамали
Ҳўрмуз бўғозидаги юк ташиш трафиги Теҳроннинг қатъий назорати туфайли 90 фоизга тушиб кетди. Бу эса жаҳон бозорида энергия ресурслари тақчиллигини юзага келтириб, нархларнинг кескин кўтарилишига сабаб бўлди. Трамп маъмурияти эндиликда тижорат кемаларини ҳарбий конвойлар ёрдамида ўтказишга мажбур бўлмоқда, бироқ Эроннинг соҳил бўйидаги ҳужумлари бу жараённи ўта хавфли қилиб қўйди.
АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет 13 март куни транзит очиқ эканини, фақат Эроннинг ўққа тутишлари ягона тўсиқ бўлаётганини даъво қилди. Бироқ экспертларнинг фикрича, бўғозни миналардан тозалаш ва дрон ҳужумларидан тўлиқ ҳимоя қилиш учун АҚШ ва унинг иттифоқчиларидан улкан куч ва вақт талаб этилади. Вазият Трамп кутганидек тезкор ғалаба эмас, балки давомли энергия урушига айланиб бормоқда.
Трампнинг стратегик хатоси
Ҳозир Пентагон бўғозни очиш учун янги ҳарбий режалар устида ишламоқда. Агар халқаро коалиция тез фурсатда сув йўлини хавфсиз қила олмаса, глобал иқтисодиёт учун ҳалокатли оқибатлар янада кучаяди. Трампнинг ушбу «гардками» нафақат Яқин Шарқ, балки бутун дунё молиявий тизимига оғир зарба бўлиб тушди ва унинг сиёсий обрўсига ҳам таъсир қилмай қолмайди.





