add

Туркияда Grand Kartal меҳмонхонасидаги ёнғин учун 11 киши умрбод қамалди

Бўлу вилоятида 78 киши ҳалок бўлган Grand Kartal меҳмонхонаси ёнғини бўйича суд иши якунланди. Суд 11 нафар айбланувчи, жумладан, меҳмонхона эгаси Холид Эргулни умрбод озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди.

Туркияда Grand Kartal меҳмонхонасидаги ёнғин учун 11 киши умрбод қамалди

Туркиянинг Бўлу вилоятида Grand Kartal меҳмонхонасида 2025 йил январ ойида содир бўлган ҳалокатли ёнғин бўйича суд жараёни якунланди. Суд 32 айбланувчидан 11 нафари, жумладан меҳмонхона соҳиби Холид Эргулни умрбод қамоқ жазосига ҳукм этди, деб хабар бермоқда турк нашрлари.

Суд ҳайъати уларни қасддан одам ўлдириш, жумладан болалар ва ўзини ҳимоя қила олмайдиган шахслар ўлимида айбдор деб топди. Шунингдек, оғир тан жароҳати етказиш бўйича ҳам жазо белгиланди. Асосий айбланувчилар 34 умрбод жазони болалар ўлими учун, яна 44 тасини бошқа ҳалок бўлганлар учун олди. Суд ҳеч қандай енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олмади.

Меҳмонхона маъмурияти вакиллари, Бўлу шаҳар ҳокимининг ўринбосари ҳамда маҳаллий ёнғин хизмати раҳбарининг ўринбосари ҳам умрбод қамалди. Илгари прокурор Эргулнинг хотини ва икки қизни — меҳмонхонага эгалик қилувчи компания директорлар кенгаши аъзоларини 22,5 йилга қамашни сўраган эди. Аммо суд уларни ҳам оғир жиноят содир этганликда айбдор деб топиб, умрбод жазо тайинлади.

Ҳукм эълон қилинганидан сўнг озодликда бўлган икки айбланувчи суд залидаёқ қўлга олинди. Суд жараёнида Холид Эргул бино конструкциясида ёнғин хавфини оширадиган ўзгартишлар қилмаганини ва барча ходимларни шахсан танимаслигини айтди.

Адвокатлар суд қароридан норозилик билдириб, апелляция бериш ниятида эканликларини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 21 январ куни Бўлу вилоятидаги Қарталқоя тоғ-чанғи курортида жойлашган Grand Kartal меҳмонхонасида ёнғин чиқиб, 78 киши ҳалок бўлган, 133 киши жароҳат олган эди. Ёнғин меҳмонхона ресторанида бошланган ва ёғоч конструкциялар сабабли бутун бинога тез ёйилган.

Ўт ўчирувчилар чақириқдан сўнг фақат 40–45 дақиқа ўтиб етиб келган. Фожиадан кейин Туркияда миллий мотам эълон қилинган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Туркияда Grand Kartal меҳмонхонасидаги ёнғин учун 11 киши умрбод қамалди | Vaqt.uz