Уй-жой бозори таҳлили: Тошкентдаги энг қиммат уйлар қайси ҳудудларда жойлашган?

Бугун 14:153 дақиқа

Тошкентда уй-жой нархлари ҳудудлар кесимида фарқланмоқда. Уйларнинг қурилиш тури, таъмир ҳолати ва уй майдони ҳам нархга таъсир қилмоқда.

Уй-жой бозори таҳлили: Тошкентдаги энг қиммат уйлар қайси ҳудудларда жойлашган?

2025 йилда кўчмас мулк бозоридаги умумий фаоллик ошган бўлса-да, Тошкент шаҳрида нархлар географиясида муҳим ўзгаришлар кузатилди. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган 2025 йилнинг IV чораги бўйича кўчмас мулк бозори таҳлилида кўриш мумкин.

Хусусан, Тошкент шаҳрида 2025 йилда уй-жой нархлари бўйича энг юқори кўрсаткич Миробод туманида қайд этилди. Бу ҳудудда нархлар Олмазор туманига нисбатан ўртача 23,7 фоизга юқори шаклланган.

Мазкур ҳолат марказий жойлашув, бизнес ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасининг ривожлангани ҳамда юқори талаб билан изоҳланади. Шунингдек, янги қурилган турар-жой мажмуалари улуши ҳам нархларни оширувчи омиллардан ҳисобланади.

Шаҳарда энг паст нархлар Бектемир туманида кузатилди. Бу ерда уй-жойлар нархи бозор ўртачасига нисбатан 24,4 фоизга арзон.

Бу фарқ асосан шаҳар марказидан узоқлик, инфратузилманинг нисбатан кам ривожлангани ва талаб даражасининг пастлиги билан боғлиқ.

Сўнгги йилларда Юнусобод туманида уй-жойларга бўлган талаб барқарор ўсмоқда. Агар 2022–2023 йилларда бу ҳудудда нархлар Олмазор билан деярли тенг бўлган бўлса, 2025 йилга келиб фарқ 10 фоизгача ошган.

Қурилиш тури, таъмир ҳолати ва уй майдони нархга таъсир қилмоқда

Уй-жой нархларига қурилиш материали ҳам таъсир кўрсатмоқда. Панель уйлар асосий база сифатида олинганда, ғиштдан қурилган уйлар 3–6 фоизга қимматроқ баҳоланган. Монолит бинолар нархи эса сўнгги йилларда янада тез ўсмоқда. Шунингдек, таъмир ҳолати ҳам муҳим омил бўлиб, 2024 йилда янги таъмирланган хонадонлар ўртача таъмирдаги уйларга нисбатан 7–8 фоизга қиммат сотилган. Уй майдони ҳар бир бирликка ошганда уй нархи ўртача 0,1 фоизга пасайиши, ҳар бир қўшимча қават эса 0,2–0,9 фоизга арзонлаштириши кузатилган. Шунингдек, биринчи ва охирги қаватдаги хонадонлар оралиқ қаватларга нисбатан арзонроқ баҳоланади.

Бирламчи бозор устунликка чиқди

2022 йилда янги қурилган уйлар иккиламчи бозорга нисбатан 3–6 фоиз арзон бўлган. Аммо 2025 йилга келиб вазият ўзгарди — бирламчи бозордаги уйлар иккиламчи уйларга нисбатан ўртача 3 фоизга қиммат баҳоланмоқда. Бу янги уйларга талаб ортиб бораётганини кўрсатади.

Ўзбекистон бўйлаб нархлар динамикаси

Республика бўйлаб қаралганда, 2025 йилда уй-жой нархлари турли валютада турлича динамикани кўрсатди. Доллар ҳисобида бирламчи бозорда нархлар 5,7 фоизга, иккиламчи бозорда 7,9 фоизга ошган. Бироқ сўм ҳисобида бирламчи бозорда 1,3 фоизга пасайиш, иккиламчи бозорда эса 0,7 фоизлик ўсиш кузатилди. Бу фарқ сотувчиларнинг нарх белгилашда асосан хорижий валютага таянаётгани ва ҳисоб-китобларни босқичма-босқич миллий валютага ўтказаётгани билан изоҳланади.

Ижара бозори ҳам қимматлашмоқда

Ижара бозорида ҳам ўсиш сақланди: республика бўйича ижара нархлари йил якунида 8,3 фоизга ошди. Тошкент шаҳрида эса сўм ҳисобида нархлар деярли ўзгаришсиз қолиб, бозорда талаб ва таклиф мувозанати шаклланганини кўрсатди.

Ер участкалари нархи: чекка ҳудудларда таклиф ошди

Тошкент шаҳрида 100 кв.м. (1 сотих) ер майдонининг нархи декабрь ойи якунида 319 млн сўмни ташкил этди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,4 фоизга пастроқ бўлди. Бу асосан шаҳар чекка ҳудудларида таклифнинг 22 фоизга ошгани билан боғлиқ.

Яшнобод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида янги қурилишлар кўпайиб, уй-жой ва ер участкалари таклифи сезиларли даражада ошган. Натижада бу ҳудудларда нархлар босим остида қолмоқда. Шу билан бирга, шаҳар марказида ер участкалари таклифи 13 фоизга қисқаргани юқори нархни сақлаб туришга хизмат қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид