«Uzbekistan Airways» «Apple Pay» ва «Google Pay»ни ишга туширди

«Uzbekistan Airways» расмий сайти ва мобил иловасида «Apple Pay» ҳамда «Google Pay» орқали тўлов қилиш имконияти пайдо бўлди.

«Uzbekistan Airways» «Apple Pay» ва «Google Pay»ни ишга туширди © uzairways.uz

«Uzbekistan Airways» матбуот хизматига кўра, янги тўлов усуллари авиаташувчининг расмий сайти ва мобил иловасида жорий этилган. Энди йўловчилар банк картаси маълумотларини қўлда киритмасдан туриб, смартфон орқали тўловни амалга ошириши мумкин.

Авиакомпания мазкур хизмат Ўзбекистонда биринчи марта жорий этилганини таъкидлади. Бу эса рақамли тўлов тизимларини авиация соҳасига интеграция қилишда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Компания маълум қилишича, Apple Pay ва Google Pay орқали амалга ошириладиган транзакциялар токенлаштириш ҳамда шифрлаш технологиялари орқали ҳимоя қилинади. Бу эса фойдаланувчилар учун хавфсизлик даражасини оширади.

Шунингдек, янги тўлов тизими орқали операцияларни тезкор амалга ошириш имконияти яратилади. Бу эса чипта харид қилиш жараёнини соддалаштириб, мижозлар учун қўшимча қулайлик беради.

Шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар

Аввалроқ Сенат «PayPal», «Apple Pay» ва «Google Pay» хизматларини ёқиш учун «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларни маъқуллаган эди.

Амалдаги қонунга мувофиқ, шахсга доир маълумотлар фақат Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт эди. Бу талаб халқаро тўлов тизимлари учун қатор техник ва ҳуқуқий қийинчиликлар туғдириб, уларнинг мамлакат бозорига киришини чеклаб келган. Айниқса, маълумотларни глобал серверларда қайта ишлайдиган компаниялар учун бу меъёр ҳал қилувчи тўсиқ ҳисобланарди.

Қонунга киритилаётган ўзгаришлар ушбу муаммони бартараф этишга қаратилган. Янгиланган нормаларга кўра, шахсий маълумотларнинг барча турлари эмас, балки фақат айрим тоифалари Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт бўлади. Булар қаторига биометрик, генетик ҳамда телекоммуникация хизматларига оид маълумотлар киритилмоқда.

20 январ куни бўлиб ўтган мажлисда Қонунчилик палатаси «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритиладиган тузатишларни қабул қилди. 5 феврал куни эса Сенат томонидан тасдиқланди. Сенаторлар ушбу ҳужжат электрон тижоратни ривожлантириш, интернет платформаларидан фойдаланишни енгиллаштириш ва фуқаролар учун тўлов хизматларини янада қулай қилишини таъкидламоқда.

Теглар

Мавзуга оид