
Хитой Huarong офшор бўлимининг пора олган собиқ раҳбари қатл этилди
Бай Тянхуэй 1,1 млрд юан миқдорида пора олгани учун ўлимга ҳукм қилинди. Бу Хитой молия секторидаги коррупцияга қарши курашишга оид катта воқеа бўлди.

Reuters хабар беришича, Хитойда 9 декабр куни China «Huarong International Holdings» компаниясининг собиқ бош директори Бай Тянхуэйни 1,1 миллиард юан (156 миллион доллар) пора олгани учун қатл этилди. CCTV давлат телерадиокорпорацияси маълумотларига кўра, унинг қилмиши давлат ва жамият манфаатларига жиддий зарар етказгани учун энг оғир жазо қўлланган.
«China Huarong International» — 2024 йилдан «China CITIC Financial Asset Management» номи билан фаолият юритаётган, муаммоли кредитлар билан ишловчи Хитойнинг йирик молиявий тузилмаси бўлган «China Huarong Asset Management» компаниясининг асосий офшор молиялаштириш бўлими ҳисобланади. Компания давлат банкларининг муаммоли қарзларини бошқариш учун ташкил этилган.
CCTV маълумотларига кўра, Бай 2014–2018 йилларда Ҳонконгдаги «Huarong International Financial Holdings Ltd» ва «China Huarong International Holdings Ltd» компанияларида юқори лавозимлардан фойдаланиб, пул ва активларни ноқонуний қабул қилган. Суд унинг пора ҳолатларини «ғайриоддий даражада йирик» деб топган.
Бай 2024 йил май ойида Тянцзин шаҳри суди томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган, феврал ойида эса юқори судга қилган шикояти рад этилган. Кейинчалик Хитой Олий суди ҳам ушбу ҳукмни тасдиқлаган.
Маълумот учун, 2021 йилда «Huarong»нинг собиқ раиси Лай Сяомин ҳам 1,79 миллиард юан пора олгани учун қатл этилган эди.





