
«Йил футболчиси —Элдор Шомуродов» — ЎФА йил лауреатларини аниқлади
ЎФА томонидан 2025 йил якунларига бағишланган маросимда ўзбек футболининг тарихий ютуқлари ва энг муносиб вакиллари эътироф этилди.

30 январ куни ЎФА Миллий футбол марказида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги конгресси ҳамда 2025 йил якунларига бағишланган тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир давомида ўтган йилда эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, миллий футбол тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган футболчилар, мураббийлар, ҳакамлар ва мутахассислар тақдирланди.
2025 йил ўзбек футбол тарихида алоҳида аҳамият касб этди. Жумладан, миллий терма жамоанинг илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиши йилнинг энг яхшиларини аниқлашда ҳал қилувчи омил сифатида баҳоланди.
2025-йил лаурентлари:
«Футболимиз нуронийси» — Ахрол Иноятов

Узоқ йиллар давомида «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилган, мураббий ва футбол мутахассиси сифатида ҳам ўзбек футбол тараққиётига ҳисса қўшган Иноятовнинг хизматлари алоҳида эътироф этилди.
«Фидойилик рамзи» — Ҳусан Темиров

Ҳудудий футболни ёритиш ва тарғиб қилишдаги фидокорона меҳнати, хусусан, «Насаф» ўйинларидаги ўзига хос шарҳлари билан танилган журналист ушбу номинацияга лойиқ кўрилди.
«Йилнинг энг яхши болалар футбол мураббийи» — Юсуф Эргашев (Бунёдкор)

Ёш футболчилар билан тизимли ишлаши, иқтидорларни эрта кашф этиб, терма жамоалар даражасига олиб чиқаётгани мутахассиснинг хизматлари сифатида баҳоланди.
«Йилнинг энг яхши ёш футболчиси» — Садриддин Ҳасанов

U-17 Осиё чемпионатидаги ёрқин ўйинлари ва етакчилик қобилияти билан Садриддин Ҳасанов йилнинг энг истиқболли футболчиси сифатида эътироф этилди.
«Aёллар олий лигасининг энг яхши тўпурари» — Диёра Ҳабибуллаева

31 та гол муаллифи бўлган Диёра Ҳабибуллаева бутун чемпионатнинг асосий етакчиларидан бири сифатида баҳоланди.
«Aёллар олий лигасининг энг яхши футболчиси» — Нилуфар Қудратова

«Севинч» клуби етакчиси Нилуфар Қудратова мавсум якунларига кўра ушбу номинацияга лойиқ кўрилди.
«Aёллар футболида йилнинг энг яхши мураббийи» — Владислав Хан

Қаршининг «Севинч» клуби унинг раҳбарлигида мамлакат чемпионати, Суперкубок ва Кубокни қўлга киритди.
«Йилнинг энг яхши ҳаками» — Илгиз Танташев

Халқаро майдондаги нуфузли учрашувлардаги фаолияти билан Танташев 2025 йилнинг энг яхши ҳаками деб топилди.
«Йилнинг энг яхши аёл ҳаками» — Насибабону Тошмухаммедова

Эркаклар Суперлигасида бош ҳакам сифатида ишлаган илк аёл рефери сифатида тарихий натижа қайд этди.
«Йилнинг энг яхши аёл футболчиси» — Диёра Ҳабибуллаева

Клуб ва терма жамоадаги барқарор ўйини билан ушбу совринга сазовор бўлди.
«Йилнинг энг яхши мураббийи» — Темур Кападзе

Миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқишидаги ҳиссаси учун эътироф этилди.
«Йилнинг энг яхши футболчиси» — Элдор Шомуродов

Европадаги фаолияти ва терма жамоадаги етакчилик роли билан йил футболчиси деб топилди.
«Энг яхши ҳудудий футбол ассоциацияси»
Қорақалпоғистон футбол ассоциацияси ушбу номинацияда ғолиб бўлди.
Маросим якунида Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти 2025 йил миллий футбол тарихида алоҳида саҳифа сифатида қайд этилганини таъкидлади. Қайд этилишича, 2026 йилда жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш асосий мақсад этиб белгиланган.
Шунингдек, конгресс доирасида кадрлар масаласи ҳам кўриб чиқилиб, Баҳодир Қурбонов ЎФА президенти лавозимига қайта сайланди. Равшан Эрматов биринчи вице-президент, Одил Аҳмедов эса вице-президент сифатида фаолиятини давом эттиради.


