Logo

Зироат Мирзиёева ва Меҳрибон Алиева Тошкентдаги маданий масканларга ташриф буюрди

Ўзбекистон ва Озарбайжон Биринчи хонимлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда «Охун Гузар» шоуруми билан танишди.

Зироат Мирзиёева ва Меҳрибон Алиева Тошкентдаги маданий масканларга ташриф буюрди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ва Озарбайжон Биринчи хоними Меҳрибон Алиеванинг учрашуви бўлиб ўтди.

Қўшма дастур доирасида Биринчи хонимлар Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар. Марказ экспозициялари Ўзбекистон ҳудудида шаклланган қадимий цивилизациялардан тортиб, бугунги Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт босқичигача бўлган тарихий жараёнларни яхлит манзара сифатида намоён этади.

Зироат Мирзиёева ва Меҳрибон Алиева «Исломгача бўлган цивилизациялар» зали, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига бағишланган экспозициялар ҳамда «Янги Ўзбекистон» зали билан танишдилар.

Шунингдек, икки халқ асрлик тарихий ва маданий алоқаларни акс эттирувчи музей экспонатларини кўздан кечирдилар.

Ташриф якунида Биринчи хонимлар экспозициянинг маънавий ва меъморий маркази ҳисобланган «Қуръон зали» билан танишдилар.

Залдаги энг ноёб ёдгорлик Усмон Мушафи бўлиб, у муқаддас Қуръоннинг бизгача етиб келган энг қадимий қўлёзмаларидан бири ҳисобланади. VII асрга мансуб ушбу ноёб ёзма маданият ёдгорлиги УНЕСCО'нинг «Жаҳон хотираси» халқаро реестрига киритилган.

Самимий суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги гуманитар ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, икки қардош халқни муштарак тарих, маданий анъаналар ва умумий маънавий қадриятлар бирлаштириб туриши алоҳида қайд этилди.

Биринчи хонимлар маданий дастур доирасида пойтахтдаги «Охун Гузар» шоурумига ҳам ташриф буюрдилар. Бу ерда ўзбек ҳунармандчилиги анъаналарини замонавий талқинда давом эттираётган маҳаллий брендлар маҳсулотлари намойиш этилди.

Меҳмонлар миллий нақшлар, асрлик ҳунармандчилик анъаналари ва ўзбек халқининг маданий қадриятларини акс эттирувчи маҳаллий уста ҳамда дизайнерлар маҳсулотлари билан танишдилар.

Дастур доирасида келин сарпосини тайёрлаш, сўзана тикиш, тўй маросимлари, келинни куйов хонадонига кузатиш, «келин салом» ва «бешик тўйи» каби анъаналар, шунингдек, она алласи намойиш этилди.

Теглар

Зироат Мирзиёева ва Меҳрибон Алиева Тошкентдаги маданий масканларга ташриф буюрди | Vaqt.uz