«Энг яхши стартап ғояси» танлови ўтказилади
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар ўртасида «Энг яхши стартап ғояси» танлови ўтказилади, туман даражасидаги ғолибларга 5 млн сўмгача, вилоят даражасида – 10 млн сўмгача миқдорда мукофот пули берилади.

«Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–59-сон, 11.02.2026 й.) қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус, касбий таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларининг 9–11-синф ўқувчилари учун махсус тадбирлар йўлга қўйилади.
Қарорга асосан, таълим муассасаларида ҳар ойда камида икки маротаба «Моҳирлик ва бизнес соати» машғулотлари ташкил этилади. Ушбу дарслар орқали ўқувчилар стартап ғоя яратиш, бизнес модел тузиш ва бозорга чиқиш кўникмаларини эгаллайди.
Шунингдек, ўқувчилар ўртасида «Энг яхши стартап ғояси» танлови ўтказилади. Туман босқичи ғолиблари 5 млн сўмгача, вилоят босқичи ғолиблари эса 10 млн сўмгача пул мукофоти билан тақдирланади. Лойиҳалар ҳар чоракда ота-оналар, бизнес ва илмий жамоатчилик вакилларига тақдим этиб борилади.
Яна бир муҳим янгилик — таълим муассасаларида ишлаб чиқилган маҳсулотларни маркетплейслар орқали сотиш механизми жорий этилади. Бу ёшлар ғояларини тижоратлаштириш имкониятини кенгайтиради.
Қарор билан 2026 йил 1 апрелдан краудсорсинг асосида муаммоларни ҳал қилиш тизими ҳам йўлга қўйилади. Давлат органлари ва давлат иштирокидаги корхоналар махсус электрон платформада ечим талаб этувчи масалаларни эълон қилади ҳамда ҳар ой «Стартап куни» учрашувларини ўтказади.





