Logo

Андижон аэропортининг янги терминали қурилиши йил охиригача битади

Bugun 21:392 daqiqa

Қурилиш ишлари 40 фоизга етган. Тўлиқ битгач, аэропортнинг йўловчи қабул қилиш қуввати соатига 200 нафардан 1000 нафаргача ошади. Vaqt.uz мухбирига кўра, унинг қиймати ҳозирча 335 млрд сўм, аммо якуний харажат бундан юқори бўлиши мумкин.

Андижон аэропортининг янги терминали қурилиши йил охиригача битади

Андижон халқаро аэропортида 2026-йилнинг февралида қурилиши бошланган янги йўловчи терминалини йил охиригача фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, унинг қиймати 335 миллиард сўм. Бу ҳақда Vaqt.uz мухбири хабар берди.

Амалдаги терминал 1979-йилда қурилган бўлиб, унинг майдони 2 402,4 квадрат метр. Эски бино соатига 200 йўловчига хизмат кўрсата олади. Янги терминал эса 19 минг 650 квадрат метр майдонга эга бўлади ва соатига 1000 йўловчигача хизмат кўрсатиш имконини беради. Яъни янги бино майдон жиҳатидан қарийб 8 баравар, ўтказувчанлик бўйича эса 5 баравар катта бўлади.

2026-йилнинг биринчи ярмида аэропорт 91 минг 882 йўловчига хизмат кўрсатган. Янги терминал ишга тушгач, аэропортнинг йиллик йўловчи ўтказиш имконияти 1,1 миллион нафаргача етиши кутилмоқда. Шунингдек, янги терминал битгандан сўнг, халқаро стандартларга тўлиқ мос келувчи, йўловчиларга максимал қулайлик тақдим қиладиган замонавий кўринишга келади.

Лойиҳани ким қурмоқда?

aeraport

Лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 30-декабрдаги қарори асосида амалга оширилмоқда. Янги терминал қурилиши учун «Uzbekistan Airports» томонидан хусусий инвестор жалб қилинмаган. Қурилиш-монтаж ишлари бўйича тендер 2026-йил 5-февралда ёпиқ тарзда ўтказилган ва унда 10 га яқин йирик компаниялар иштирок этган. Тендер якунларига кўра, «MARIN BUSINESS TRADE» МЧЖ бош пудратчи этиб танланган. Лойиҳанинг бош лойиҳа ташкилоти эса «PRIME TOWER GROUP» МЧЖ бўлган.

Аэропорт директори Соҳибжон Кенжаевнинг Vaqt.uz мухбирига айтишича, 335 миллиард сўм ҳозирча лойиҳанинг тахминий қиймати бўлиб, қурилиш ва лойиҳа ишлари параллел олиб борилаётгани, шунингдек, айрим технология ва ускуналар хориждан олиб келинаётгани сабабли якуний харажат бундан юқори бўлиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid