Андижонда 35 млрд сўмлик кэшбекни талон-тарож қилганлар ушланди

Bugun 13:552 daqiqa

Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар сохта ҳисоб-фактуралар ва харид чеклари орқали «Soliq Mobile» тизимидан 35,1 млрд сўм бюджет маблағини ноқонуний ўзлаштирганлиги маълум бўлди.

Андижонда 35 млрд сўмлик кэшбекни талон-тарож қилганлар ушланди © Soliq.uz ilovasi

Андижон вилоятида «Soliq Mobile» иловаси орқали амалга оширилган йирик молиявий фирибгарлик ҳолати аниқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида бир гуруҳ шахслар давлат бюджети маблағларини ноқонуний ўзлаштириш схемасини ташкил этгани маълум бўлди.

Тергов материалларига кўра, 6 нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, уч нафар шахс номига жами 9 та масъулияти чекланган жамият ташкил этган. Ушбу корхоналар ўртасида ҳақиқий молиявий муносабатлар бўлмаган бўлса-да, компютер технологиялари орқали 2026 йил март-апрел ойларида 1,1 трлн сўмлик маҳсулот етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилган.

Шунингдек, гумонланувчилар онлайн назорат-касса машиналари орқали гўёки савдо операциялари амалга оширилганини кўрсатиб, харид чеклари шакллантирган. Натижада 100 мингдан ортиқ фуқаро номига «Soliq Mobile» иловаси орқали кэшбек маблағлари ҳисобланган.

Солиқ назорати савол остида

Текширув давомида мазкур схемага алоқадор корхоналар томонидан расмийлаштирилган 1,1 трлн сўмлик ҳисобварақ-фактураларга қарамай, айрим масъул шахслар зарур чораларни кўрмагани ҳам маълум бўлган.

Хусусан, Андижон вилояти солиқ бошқармасининг айрим мансабдор шахслари корхоналарнинг ҚҚС гувоҳномаларини бекор қилиш бўйича чора кўрмагани ва шубҳали операциялар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаганликда гумон қилинмоқда.

Жиноят иши


Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу схема орқали давлат бюджетига 35,1 млрд сўм миқдорида зарар етказилган. Маблағлар ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани қайд этилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатларини давом эттириш учун материаллар прокуратура органларига юборилган.

Teglar

Mavzuga oid