Logo

Андижонда 38,3 млрд сўм кешбек сифатида талон-торож қилинганлиги аниқланди

Bugun 10:402 daqiqa

Маълум бўлишича, бир нечта фуқаро сохта савдо ҳужжатларини расмийлаштириб, бюджет пулларни ноқонуний ўзлаштирган.

Андижонда 38,3 млрд сўм кешбек сифатида талон-торож қилинганлиги аниқланди © istemolchi-info.uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон вилоятида 38,3 млрд сўм бюджет маблағлари кешбек сифатида талон-торож қилинганини аниқлади.

Терговга қадар текширувларга кўра, фуқаро Й.Қ. ва бошқа шахслар ўзаро тил бириктириб, 5 та МЧЖ орқали сохта савдо амалиётларини расмийлаштирган. Улар бошқа корхоналардан 2,2 трлн сўмлик маҳсулот етказиб берилгандек қилиб электрон ҳисоб-фактуралар шакллантирган.

Шундан сўнг ушбу маблағлар гўёки назорат касса машиналари орқали кирим қилинган ва маҳсулотлар фуқароларга сотилгандек кўрсатилган. Натижада 94 921 нафар фуқаро ҳамда ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган шахсларга «Soliq Mobile» иловаси орқали кешбек тўловлари амалга оширилиб, 38,3 млрд сўм ўзлаштирилган.

Сохта савдо схемаси

Департамент маълумотига кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни пайтда иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари сохта ҳужжатлар орқали бюджет маблағларини чиқариб олиш схемасида иштирок этган бошқа шахслар ҳам ўрганилаётганини билдирмоқда.

Аввалроқ бошқа ҳудудларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар аниқланган. Июн ойида Фарғона вилоятида «Soliq Mobile» орқали 3,2 млрд сўм кешбек маблағлари ноқонуний ўзлаштирилгани маълум қилинган эди.

Фарғонадаги текширувлар давомида 125,4 млрд сўмлик сунъий ҚҚС ҳосил қилишга уриниш ҳолати ҳам фош этилган.

Шунингдек, 3 июл куни Навоий вилоятида 34,8 млрд сўмлик кешбек маблағлари ўзлаштирилгани хабар қилинди. Тергов маълумотларига кўра, бу 4,5 трлн сўмлик маҳсулотлар аслида сотилмаган бўлса-да, савдо амалга оширилгандек кўрсатиш орқали қилинган.

Teglar

Mavzuga oid