Logo

Андижонда 5 нафар эгизак дунёга келди

Bugun 21:211 daqiqa

ССВга кўра, болаларнинг уч нафари қиз, икки нафари ўғил.

Андижонда 5 нафар эгизак дунёга келди © Foto: t.me/ssvuz

Бугун, 6 июл куни Андижон шаҳрида жойлашган 2-сонли туғуруқ мажмуасида 5 нафар эгизак дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилшича, Андижон шаҳридаги Қайрағочтош маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Наргиза Бекжонова шу куни кўп ҳомилалик ташхиси билан мазкур муассасага қабул қилинган.

Унда муддатидан илгари туғуруқ ташхиси билан кесарча кесиш амалиёти бажарилган.

Туғуруқ жараёни малакали акушер-гинеколог, неонатолог ва реаниматологлар томонидан муваффақиятли ўтказилган.

– биринчи чақалоқ: қиз, вазни 1450 гр,
– иккинчи чақалоқ: ўғил, вазни 1605 гр,
– учинчи чақалоқ: қиз, вазни 1495 гр,
– тўртинчи чақалоқ: ўғил, вазни 1585 гр,
– бешинчи чақалоқ: қиз, вазни 1205 гр.

Ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида она ва чақалоқлар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалига ўтказилган.

«Айни пайтда 5 нафар эгизак ва уларнинг онаси малакали тиббиёт ходимлари назоратида ўзларини яхши ҳис этмоқда», - дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Маълумот учун, июн ойида ҳам Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалида 4 нафар эгизак дунёга келган.

Teglar

Mavzuga oid