«Apple» сунъий интеллект пойгасида етакчиликдан воз кечди

Bugun 08:552 daqiqa

«Apple» ўзнинг СИ тизими рақобатчиларга ютқазишини тан олди, деб ёзмоқда «Bloomberg». Энди «Siri» барча чат-ботлар учун очиқ бўлади ва «Apple» комиссиядан пул ишлайди.

«Apple» сунъий интеллект пойгасида етакчиликдан воз кечди

«Bloomberg» агентлигининг хабар беришича, «Apple» компанияси сунъий интеллект (СИ) пойгасидаги ёндашувини тубдан ўзгартирмоқда. Компания раҳбарияти ўзларининг «Apple Intelligence» тизими ва «Siri» овозли ёрдамчиси ChatGPT («OpenAI»), Gemini («Google») ва Claude («Anthropic») каби чат-ботлардан анча кучсиз эканлигини англаб етган. Шу сабабли, 8 июн куни бўлиб ўтадиган WWDC конференциясида «Apple» «қуролланиш пойгаси» ўрнига ўзининг асосий кучли томони — қурилмалар сотуви ва улардаги сервислардан фойда олишга эътибор қаратишини эълон қилади.

Янги стратегияга кўра, «Apple» сунъий интеллектни ўз операцион тизимига (iOS) фойдаланувчиларни «Android»га ўтиб кетишини олдини олиш учунгина интеграция қилади. Энг муҳим янгилик — «Siri» овозли ёрдамчиси энди нафақат ChatGPT, балки бошқа барча учинчи томон чат-ботлари учун ҳам очиқ бўлади. «App Store»да СИ кенгайтмалар учун алоҳида бўлим яратилади. «Apple» инновациялар юкини бошқаларга топшириб, ўзи эса «App Store» орқали СИ иловаларидан 30 фоизлик комиссия олиш ва iPhone сотувини ошириш орқали юқори фойдани сақлаб қолмоқчи.

Бу «Apple» ўз СИ маҳсулотларини бутунлай тўхтатади дегани эмас. Улар ҳамон маркетингда ва қурилмаларни (AirPods, ақлли кўзойнаклар) бошқаришда ишлатилади. Бироқ учинчи томон кенгайтмаларига рухсат берилиши «Apple» компаниясининг «Google» ёки «OpenAI» билан тўғридан тўғри рақобатдан воз кечганини англатади. «Bloomberg» талқинига кўра, компания инновациялар учун масъулиятни бошқаларга юклаб, ўзи ускуналар бозоридаги доминантликни сақлаб қолмоқчи.

Мутахассислар «оқими»

«Apple»нинг бундай қарорга келишига 2022 йилда ChatGPT пайдо бўлиши билан бошланган «истеъдодлар йўқотилиши» сабаб бўлган. Кўплаб иқтидорли муҳандислар «OpenAI», «Meta» ва «Anthropic» каби компанияларга ўтиб кетишган. Ҳозирда Купертино гиганти ўз ходимларини олиб қолиш учун ҳар бир муҳандисига 200–400 минг долларлик режадан ташқари йирик бонуслар таклиф қилмоқда.

Бироқ, бундай сахий таклифлар ҳам стартаплар берадиган миллионлаб долларлик акциялар олдида камлик қилиши мумкин. Энг муҳими, иқтидорли мутахассислар учун «пойгадан чиқаётган эски гигант»да эмас, балки соҳа етакчиларида ишлаш обрўлироқ ҳисобланмоқда. «Apple» учун ҳозирги энг муҳим вазифа — ўз 50 йиллиги арафасида ҳали ҳам долзарб эканини исботлашдир.

Инновациядан фойдага ўтиш

Apple’нинг янги модели «платформа назорати»га асосланади. Ўз СИ тизимини яратиш учун миллиардлаб доллар сарфлаб, таваккал қилиш ўрнига, компания бошқаларнинг муваффақиятли маҳсулотларини ўз тизимига жойлаштириш орқали пул ишламоқчи. Бу ёндашув қисқа муддатда компаниянинг молиявий кўрсаткичларини барқарор ушлаб туришга ёрдам беради.

Бироқ экспертлар бу стратегик хато бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар. Агар сунъий интеллект келажакда смартфонлар ўрнини босадиган асосий технологияга айланса, «Apple» бошқаларнинг технологиясига қарам бўлиб қолиши мумкин. Ҳозирча «Apple» «тирик қолиш» учун энг хавфсиз йўлни — инноваторликдан риэлторликка (платформа эгасига) ўтишни танлади.

Teglar

Mavzuga oid

«Apple» сунъий интеллект пойгасида етакчиликдан воз кечди | Vaqt.uz