Байрам арафасида Тошкент автовокзалидан 55 та қўшимча рейс йўлга қўйилди
Талаб юқори бўлса, яна қўшимча рейслар йўлга қўйилиши мумкинлиги ҳам маълум қилинди.
© Transport vazirligiҚурбон ҳайити байрами муносабати билан Тошкент автовокзалидан вилоятларга қўшимча автобус рейслари ташкил этилди. Бу ҳақда ЙҲХХ ахборот хизмати хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, айниқса Сирдарё орқали воҳа ҳудудларига қатновчи автобусларга талаб сезиларли даражада ошган. Шу муносабат билан амалдаги автобус йўналишлари сони кенгайтирилган.
Ҳозирда Тошкент автовокзалидан доимий равишда 65 та автобус йўналиши хизмат кўрсатмоқда. Байрам арафасида уларга қўшимча тарзда яна 55 та рейс қўшилди.
Масъулларнинг билдиришича, фуқаролар чипталар мавжудлигини уйдан чиқмасдан текшириши мумкин. Бунинг учун телефон орқали мурожаат қилиш ёки махсус онлайн платформалардан фойдаланиш имконияти яратилган.
Шунингдек, талаб янада ошиб борса, қўшимча рейслар сони кўпайтирилиши мумкинлиги қайд этилди.
Хавфсизлик чоралари
Байрам кунлари халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлларида ЙПХ ходимларининг кучайтирилган тартибдаги хизмати йўлга қўйилади.
Таъкидланишича, ҳайдовчилар билан ўтказилаётган профилактик тадбирларда йўл ҳақини сунъий оширмаслик, сафар олдидан етарли дам олиш ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2026 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 27 май – чоршанба кунига тўғри келади ва ушбу кун байрам сифатида кенг нишонланади.





