ChatGPT'га шахсий молияни бошқариш функцияси қўшилди

Bugun 11:552 daqiqa

OpenAI ChatGPT’га шахсий молияни кузатиш, харажатларни таҳлил қилиш ва инвестиция режаларини тузиш имконини берувчи янги «Молия» бўлимини қўшди.

ChatGPT'га шахсий молияни бошқариш функцияси қўшилди © OpenAI

OpenAI компанияси ChatGPT платформасига шахсий молияни бошқариш функциялари интеграция қилинганини маълум қилди. Янги хизмат орқали фойдаланувчилар ўз молиявий ҳисобларини чат-ботга улаб, даромад ва харажатларини бир жойда кузатиши мумкин бўлади.

Ҳозирча мазкур функция АҚШдаги айрим Pro обуначилари учун веб-версия ва iOS тизимида синов тартибида ишламоқда. Компания келгусида ушбу имкониятни Plus обуначилари учун ҳам очишни режалаштирган.

Янги молиявий хизмат

OpenAI маълумотига кўра, ChatGPT фойдаланувчи томонидан киритилган мақсадлар, кундалик турмуш тарзи ва молиявий устуворликлар асосида тавсиялар шакллантиради. Фойдаланувчилар жамғарма режасини тузиш, йирик сармояларни баҳолаш ва харажатларни оптималлаштириш бўйича маслаҳатлар олиши мумкин.

Шунингдек, чат-бот даромад сценарийларини таҳлил қилиш, инвестиция хатарларини баҳолаш ва узоқ муддатли молиявий режаларни шакллантириш имкониятларини ҳам таклиф этади. Компания бу функция профессионал молиявий маслаҳат ўрнини босмаслигини алоҳида таъкидлаган.

Янги «Молия» бўлимида OpenAI’нинг энг янги модели — GPT-5.5 қўлланилмоқда.

Хавфсизликка урғу

Компания маълум қилишича, ChatGPT Plaid платформаси орқали 12 мингдан ортиқ молиявий ташкилотларни қўллаб-қувватлайди. Яқин келажакда эса Intuit платформаси билан ҳам интеграция амалга оширилиши режалаштирилган.

OpenAI келажакда кредит карта учун ариза юбориш ёки солиқ маслаҳатчиси қабулига ёзилиш каби қўшимча хизматларни ҳам ишга тушириши мумкинлигини билдирди.

Компания фойдаланувчилар маълумотлари хавфсизлиги кафолатланишини таъкидламоқда. ChatGPT банк ҳисобларидаги маблағларга мустақил кириш ҳуқуқига эга эмас ва улар билан операцияларни амалга ошира олмайди. Шунингдек, фойдаланувчилар исталган вақтда ҳисобларини тизимдан ўчириб ташлаш имкониятига эга.

Teglar

Mavzuga oid