«Чиққан одам касал бўлади, таниш-билишсиз билет ололмайсан» — Сурхондарё ҳокими
Сурхондарё ҳокими Улуғбек Қосимов темир йўл, авиақатнов ва шаҳарлараро транспортдаги муаммоларни кескин танқид қилиб, масъулларга уларни бир ҳафта ичида бартараф этишни топширди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов вилоят аҳолисини Тошкент билан боғловчи автомобиль ва темир йўл қатновидаги шароитни кескин танқид қилди. У шаҳарлараро поездларда совитиш тизими ишламаслиги, вагонлар одамга тўлиб кетиши ва билет топиш қийинлигини айтди.
Ҳокимнинг таъкидлашича, М39 йўлининг Бойсундан кейинги қисмида ҳаракатланиш қийинлашган. Бу ҳолат такси ва автобус ҳайдовчиларига ҳам қийинчилик туғдирмоқда. Темир йўлда эса йўловчилар учун зарур шароитлар етарли эмас.
«Вагонга минган одам Тошкентга боргунча касал бўлиб қоляпти. На совитиш тизими ишлайди, на шароит бор, на билет бор, на вокзалда шароит бор. Саросиёга қатнайдиган, Термиздан шаҳарлараро поездларга одам ташиб бўлмайди», — деди Қосимов.
Билетлар бўйича танқид
Ҳоким авиабилетлар нархи ошганини ҳам танқид қилди. Унинг айтишича, айрим ҳолатларда билетни таниш-билишсиз топиш қийин, онлайн сотувда эса шаффофликни таъминлаш зарур.
«Умуман таниш-билишсиз билет топиб бўлмайди», — деди вилоят раҳбари. У билет нархларини ва компаниялар қўяётган устамаларни монополия ташкилоти томонидан тўлиқ таҳлил қилишни талаб қилди.
Қосимов, шунингдек, вокзал ва аэропортлардаги хизматлар сифатини ҳам танқид қилди. Сариосиёга қатнайдиган поездлар ва вокзалларда йўловчилар учун муносиб шароит яратилиши кераклигини таъкидлади.
Бир ҳафта муддат берилди
Вилоят ҳокими масъулларга Тошкентга қатнайдиган шаҳарлараро поездлар ва Сариосиё йўналишидаги таркибларни бир ҳафта ичида тўлиқ текшириш ва аниқланган камчиликларни бартараф этишни топширди.
«Кейинги ҳафта душанба куни эрталаб вокзалга бораман. Вагонни бирма-бир, Тошкентга кетадиган таркибни ҳам тўлиқ текшириб, ҳаммаси билан жиҳозлаттирасизлар», — деди у.
У аэропортлар, аэровокзаллар, ҳожатхоналар, юк ташиш хизмати ва бошқа инфратузилма объектларини ҳам текширишни буюрди. Билетлар онлайн тарзда шаффоф эълон қилиниши, сунъий тўсиқлар ва воситачилик ҳолатларига йўл қўйилмаслиги кераклигини билдирди.





