Дам олиш кунлари Ўзбекистонда ҳарорат 42 даражагача чиқади
«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, 13–14 июн кунлари мамлакатнинг аксарият ҳудудларида қуруқ ва иссиқ об-ҳаво сақланиб, айрим жойларда ҳарорат 42 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
© vaqt.uzЎзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати янада кўтарилади. «Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 13–14 июн кунлари республика бўйлаб асосан кам булутли ва ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади.
Жума куни мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳаво ҳарорати 33–36 даража атрофида бўлиши прогноз қилинган. Кейинги кунларда эса иссиқлик кучайиб, кўпчилик ҳудудларда кундузи 36–38 даражагача етади.
Мутахассислар маълум қилишича, чўл ҳудудларида ҳарорат 40 даражагача, мамлакатнинг энг жанубий туманларида эса 42 даражагача кўтарилиши мумкин. Шу билан бирга, республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво сақланиб қолади.
Каспий денгизи ҳудудидан нисбатан нам ҳаво оқимлари кириб келиши натижасида айрим вилоятларда қисқа муддатли ёғингарчилик кутилмоқда.
13 июн куни Қорақалпоғистон Республикасининг айрим жойларида, 14 июн куни эса Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида кечаси ва эрталаб, Навоий ҳамда Бухоро вилоятларида куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
Шамол шарқдан секундига 7–12 метр тезликда эсади. Айрим вақтларда унинг тезлиги секундига 13–18 метргача кучайиши, чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Шимолий ва чўл ҳудудларида шамол баъзан секундига 20–22 метргача етиши эҳтимоли бор.
Сел хавфи эълон қилинди
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда ҳам қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши кутилмоқда. Шу муносабат билан 13–15 июн кунлари сел-сув тошқини хавфи ҳақида огоҳлантириш берилган.
Тошкент шаҳрида эса 12–14 июн кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кундузи ҳаво ҳарорати 36–38 даражагача кўтарилиши, кечалари эса 20–23 даража атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.





