Logo

Давлат бошқарувида ягона интеграциялашган рақамли платформа жорий этиш таклиф қилинди

Bugun 16:511 daqiqa

Платформа сунъий интеллект технологиялари асосида маълумотларни таҳлил қилиш, ҳудудлар кесимида муаммоларни барвақт аниқлаш, қарорлар ижросини мониторинг қилиш, ресурсларни тўғри йўналтириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш имконини беради.

Давлат бошқарувида ягона интеграциялашган рақамли платформа жорий этиш таклиф қилинди © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини жорий этиш, стартаплар экотизимини ривожлантириш ва телекоммуникация соҳасини такомиллаштириш бўйича тақдимот билан танишди.

Тақдимотда давлат идораларидаги маълумотлар базалари турли тизимларда тарқоқ шакллангани сабаб уларни таҳлил қилиш ва қарор қабул қилиш жараёнларида ягона ёндашув етишмаётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан ягона интеграциялашган рақамли платформани босқичма-босқич ишга тушириш таклиф қилинди. Тизим сунъий интеллект ёрдамида ҳудудлар иқтисодиёти, инвестиция, экология, хавфсизлик ва аҳолини қийнаётган муаммолар бўйича маълумотларни таҳлил қилади.

Рақамли бошқарув даври

Янги платформа ҳудудлардаги муаммоларни барвақт аниқлаш, қарорлар ижросини кузатиш, ресурсларни самарали тақсимлаш ҳамда давлат бошқаруви сифатини ошириш имконини беради.

Президент мазкур рақамли бошқарув тизимини жорий йилда Тошкент шаҳрида, келгуси йилдан бошлаб эса барча ҳудудларда жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистонни 2030-йилгача БМТнинг «Электрон ҳукумат» рейтингида кучли 30 та давлат қаторига киритиш мақсад қилинган. Жорий йилда рақамли хизматлар сони 880 тага, улардан фойдаланувчилар эса 15,5 миллион нафарга етиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid