Дебют мундиал: на завқ олдик, на натижа
2026 йилги Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичи якунланди ва энди турнирнинг ҳақиқий қисми — шиддатли плей-офф бошланади. Афсуски, турнирнинг кейинги босқичи Ўзбекистон миллий жамоасисиз давом этади.
© UFAКонго DR билан ўйин
Миллий жамоа сўнгги турда Конго DRга қарши майдонга тушиб, баҳсни ажойиб тарзда бошлади ва эҳтимол мундиалдаги энг яхши 15–20 дақиқаликни ўтказди. Элдор Шомуродовнинг 1-дақиқадаги голи офсайд сабаб бекор қилинди, аммо жамоа сардори тўхтамади ва 10-дақиқада мақсадига эришди. Акмал Мозговой ва Аббос Файзуллаев қатнашган ҳужум Туркия чемпионати тўпурарининг парашют голи билан якунланди. Шундан кейин ҳам токи 23-дақиқадаги «салқинланиш вақти»гача Ўзбекистон биринчи рақамли жамоа сифатида асосий вақтни рақиб майдонида ўтказди. Биринчи бўлимнинг иккинчи қисмида эса устунлик Конгога ўта бошлади, аммо «оқ бўрилар» тенгма-тенг ҳаракат қилишди ва танаффусга ғалаба билан чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлим стартиданоқ эса Ўзбекистон тўлиқлигича ҳимояга ўтиб олди ва рақиб кетма-кет хавфли ҳужумлар уюштирa бошлади. Дақиқалар ўтгани сари голнинг ҳиди кела бошлади. Чунки Осиё вакили шунчаки ҳимояланди ва қарши ҳужумлар ташкил қила олмади. 68-дақиқага келиб, кульминацион воқеа рўй берди. Абдуқодир Ҳусанов ишлатган қўполлик пенальтига олиб келди ва ундан жабрланувчи, «Ньюкасл» ҳужумчиси Йоан Висса унумли фойдаланди. Дуранг Конгони қониқтирмасди ва африкаликлар ҳужумкорликни давом эттириб, захирадан тушган ўйинчилар ҳисобига янада кучайишди. 78-дақиқага келиб, Ҳусановдан рикошет бўлиб келган тўпни ҳужумчи Майеле Абдувоҳид Неъматов дарвозасига киритди. Шундан сўнг Конго ҳимояга мустаҳкам ўрнашиб, қарши ҳужумларда қандай ўйнаш бўйича Ўзбекистонга мастер-класс кўрсатди ва қўшиб берилган дақиқаларда Висса дублга эришиб, ўйинга нуқта қўйди — 1:3.
Шу тариқа «оқ бўрилар» дебют мундиални йилига 4 миллион евро маош оладиган мураббий билан очкосиз якунлашди. Тўплар нисбати — 2:11.
Ҳимоявий схема билан 11 та гол ўтказдик
Мухлис-у мутахассислар Колумбияга қарши иккинчи бўлимдан ва Конго билан дастлабки 20 дақиқаликдан қониқди. Қолган вақтда эса жамоа ҳаваскорлардек ўйнади, шунчаки ҳимоядан тўпни олдинга тепиб юбориб, 3–4 ҳимоячи қуршовидаги Элдорни қийнаш билан вақт ўтказилди.
Катанеснинг ҳимоявий схемасини давом эттирган Каннаваро жамоаси қарши ҳужумларда ҳеч қандай ишланма кўрсата олмади. Аксинча, Катанес давридаги тўғри ҳимояланиш, руҳият ва характер ҳам йўқолиб қолди. Дарвозабонларни гапиришга-ку тил ожиз: 17 та аниқ зарбанинг фақат 6 таси бартараф этилди. Хуллас, ҳимояни қойиллатмадик ва 3 ўйинда 11 та гол ўтказилди. Ҳужумкор ўйнасак ҳам, шунақа статистика қайд этиларди нари борса. Унда ҳар ҳолда футбол ўйнай олишимизни кўрсатган бўлардик. Қайсидир ўйинчиларимиз Европа клублари скаутлари эътиборига тушган бўлармиди. Ҳозир эса Беҳруз Каримовдан бошқа кашфиётимиз билан мақтана олмаймиз. Бу услуб билан йигитларнинг потенциали юзага чиқмади, аксинча бўғиб қўйилди.
5-2-2-1 схемаси Абдуқодир Ҳусановни антиқаҳрамонга айлантириб қўйганини ҳам таъкидлаш керак. Бутун мавсум давомида доминант футбол кўрсатадиган жамоада ўйнаган ҳимоячимиз миллий жамоадаги схемада ўзининг асосий фишкаларидан фойдалана олмади. Ҳусановнинг асосий устунлиги — жамоаси юқорида ўйнаганида, рақибнинг қарши ҳужумларини ўзининг юқори тезлиги эвазига йўққа чиқариш ҳисобланади. Яъни шунчаки ортда кутиб, чизиқни ушлаган ҳолда ҳимояланиш унинг устунлиги эмас. Шу сабаб Абдуқодир турнирда ўз даражасини кўрсата олмади. «Манчестер Сити»нинг эркатой футболчисига у учун ноқулай схемада катта масъулият юклаб қўйилди.
Реванш
Конгога қарши баҳсда Ўзбекистон миллий жамоасига Осиёнинг икки жамоаси — Эрон ва Жанубий Корея мухлислик қилди. Биз эса ютқазиш орқали ЖЧ-2014 ва ЖЧ-2018 саралашидаги хоинликларига «жавоб» бердик.
Ёдингизда бўлса, 2014 йилги мундиал саралаши сўнгги турида Ўзбекистон Қатарни 5:1 ҳисобида ютган ва деярли мундиалга чиққанди. Аммо параллел ўйинда кутилмаганда Жанубий Корея ўз уйида Эронга ютқазиб, форслар билан ўртоқ бўлиб Бразилиядаги Жаҳон чемпионатига йўл олганди. Миржалол Қосимов жамоаси ва «Бунёдкор» стадионига йўлланмани нишонлаш истагида келган 35 минг мухлис «музлаб қолганди». Байрам нишонлаш учун олиб келинган салютлар отилмай қолиб кетганди.
2018 йилги мундиал саралашида эса Эрон Сурияга дўстлик кўрсатганди. Ҳеч йўқ плей-оффга илиндик деб турган жойимизда, саралаш давомида тўп ўтказмаган форслар ўз уйида Сурия билан 2:2 ҳисобини қайд этганди. Анзур Исмоилов таъбири билан айтганда: «Вай, ёмон бўпти-да» бўлганди.
Мана энди Конгога қарши 70 дақиқа давомида Ўзбекистоннинг ҳисобда олдинда борганидан қувонган Эрон ва Корея сўнгги дақиқаларда музлаш қандай бўлишини ҳис қилди. Мағлубиятимиз уларни энг яхши 3-ўрин эгалари рўйхатидан чиқариб ташлади. Конго ва Жазоир уларнинг ўрнига кўтарилиб, плей-оффга йўл олди.
Каннаваро билан Осиё кубогини юта оламизми?
Ҳа, Жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиқолмаслик дебютант учун фожиа эмас. Каннаваро аввал бошиданоқ мундиалда натижа кутмасликни айтиб, руҳан тайёрлаганди. Натижани тушунамиз, лекин футболдан завқ ололмаганимиз, мураббий чизгилари кўринмагани барчанинг дилини хира қилди. Чиройли ўйнаб ютқазганимизда, натижаларга ҳеч ким эътироз билдирмасди. Аммо бизни Колумбия ярим куч билан, Португалия 20 дақиқа, Конго эса бир бўлим футбол ўйнаб ютиб қўйди. Фабио ваъда қилган «жанг»ни кўрмадик ҳисоб. Ҳимоявий футболни қойиллатмаганимиз етмаганидек, Катанес давридаги руҳиятни ҳам йўқотгандекмиз.
Энди нима бўлади? Каннаваро унга Осиё кубогини ютиш мақсади қўйилганини айтганди. Аммо ўйинимиз Жаҳон чемпионатидаги бошқа қитъадошларимиз билан таққосласа, жуда ғариб кўринди. Ҳатто қитъа чемпионатидаги бўлажак рақибимиз Иордания 3 та ўйинда, ютқазган бўлса-да, жуда яхши кўринди, футбол ўйнади. Эрон қария таркиби билан ҳам жанг қилиб, турнирни ютқазмасдан тарк этди. Япония ва Австралия плей-оффга йўл олди — японлардан кейинги босқичда Бразилия хавфсираб турибди. Авлодлар алмашинувини ўтказаётган Жанубий Корея ҳам ўйин томонлама ёмон эмас. Саудия Арабистони Уругвай билан дуранг қайд этди. Фақат Ироқ биз каби ҳолатга тушди, барча ўйинларни катта ҳисобларда ютқазди.
Хўш, Осиё грандларига қарасак, қитъа кубогини ютиш эҳтимолимиз қанчалик? Ижодкор ўйинчиларга ўрин бўлмаган ҳимоявий схемада ўйнаб, аммо тўғри ҳимояланишни билмайдиган жамоадан ғолиблик кута оламизми? Бунга имконимиз етади деб ишонаётгандик, аммо энди мундиалдан сўнг шубҳалар кўпайди. Саволлар талайгина. Каннаваро ва уни тайинлаган ЎФА энди босим остида қолиши табиий. Реакция қандай бўлади, кўрамиз.
Teglar






