Диплом бор, лекин иш йўқ: сунъий интеллект ёшларнинг иш топишини қийинлаштиряпти
Олийгоҳни тамомлаган ёшлар учун илк иш ўрнини топиш тобора мураккаблашмоқда. Бу жараёнда сунъий интеллектнинг ўрни ҳам қизғин муҳокама марказида. Айрим тадқиқотларга кўра, сунъий интеллект кенг қўлланиладиган соҳаларда ёшларни ишга қабул қилиш камайган. Бироқ халқаро ташкилотлар бу ҳолатни фақат технология билан изоҳлашга ҳали эрта, демоқда. Асосий савол шундаки: йирик компаниялар ўз иш жараёнларини автоматлаштираётган бир пайтда, ёш мутахассислар илк тажрибани қаердан олади?

«Deutsche Welle» нашрининг 16 октябр куни эълон қилинган видеоматериалида олийгоҳ битирувчилари иш топишда тобора кўпроқ қийинчиликларга дуч келаётгани айтилади. Нашр бунинг асосий сабабларидан бири сифатида сунъий интеллект (СИ) туфайли айрим бошланғич лавозимларга бўлган талабнинг камаяётганини кўрсатган.
Бошланғич лавозимлар — бу меҳнат фаолиятини эндигина бошлаётган, тажрибаси кам ёки умуман йўқ ёшлар учун мўлжалланган иш ўринларидир. Айнан шундай вазифалар битирувчиларга назарий билимларини амалиётда қўллаш, иш жараёнини ўрганиш ва келгусида мураккаброқ вазифаларни бажариш учун пойдевор яратиш имконини беради.
Масалан, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи компанияда ёш мутахассис дастлаб кодни текшириш, хатоларни топиш ва ҳужжатларни тайёрлаш каби ишлардан бошлаши мумкин. Маркетинг соҳасида эса маълумотларни саралаш, ҳисобот тузиш ёки матнлар устида ишлаш илк вазифалар қаторига киради.
Бугунги кунда генератив сунъий интеллект бу вазифаларнинг бир қисмини бемалол бажара олади. Шу сабабли, иш берувчилар баъзи жараёнларни автоматлаштириб, оддий вазифалар учун аввалгидек кўп ходим ёлламаслиги мумкин.
Бироқ муайян бир вазифанинг автоматлаштирилиши бутун бошли иш ўрнининг йўқ бўлишини англатмайди. Сунъий интеллект ишнинг маълум қисмини бажарса, ходим унинг натижасини текшириши, якуний қарор қабул қилиши ёки бошқа жараёнларни бошқариши мумкин. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳам сунъий интеллектнинг таъсирини касбларнинг бутунлай йўқолиши эмас, балки улардаги вазифаларнинг ўзгариши сифатида баҳолаш зарурлигини таъкидламоқда.
Стэнфорд тадқиқоти: ёш ходимлар ишга қабул қилишда ортда қолмоқда
Сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига таъсирига доир эътиборга молик тадқиқотлардан бири Стэнфорд университетининг Рақамли иқтисодиёт лабораторияси томонидан ўтказилди.
2026 йил 12 августда янгиланган ушбу тадқиқот АҚШдаги миллионлаб ходимларнинг иш ҳақи ва бандлиги бўйича «ADP» маълумотларига асосланган. Таҳлил 2026 йил июн ойигача бўлган даврни қамраб олади.
Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, сунъий интеллект таъсири юқори бўлган касбларда 22–25 ёшли ходимларнинг бандлик кўрсаткичи СИ камроқ таъсир қилган соҳалардаги тенгдошларига нисбатан 19 фоизга паст бўлган. Бу рақам ёшлар ўртасидаги умумий бандлик 19 фоизга тушиб кетганини англатмайди. Гап фақат сунъий интеллект таъсири кучли ва кучсиз бўлган соҳалардаги ёшлар бандлиги ўртасидаги тафовут ҳақида бормоқда.
Тадқиқотда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратилган: бу фарқ ёшларнинг оммавий ишдан бўшатилиши билан эмас, балки уларни янги ишга қабул қилиш камайгани билан боғлиқ. Қолаверса, сунъий интеллектдан шунчаки ёрдамчи восита сифатида фойдаланиладиган касбларда бандлик кўрсаткичлари барқарор сақланиб қолган ёки тажрибали ходимлар ҳисобига ўсган.
Шунга қарамай, муаллифлар бу натижаларни сунъий интеллект иш ўринларини йўқ қилаётганини тасдиқловчи қатъий далил сифатида баҳоламайди. Улар буни меҳнат бозоридаги дастлабки кузатувлар ва кейинчалик чуқурроқ ўрганилиши керак бўлган тенденциялар деб ҳисоблайди. Хусусан, айрим тафовутлар генератив СИ кенг оммалашишидан олдин ҳам кузатилган эди.
АҚШдаги бошқа тадқиқот ҳам битирувчилар учун хавфни кўрсатди
2026 йил сентябр ойида АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш бюросининг Иқтисодий тадқиқотлар маркази ҳам махсус тадқиқот эълон қилди. Унда сунъий интеллект таъсири кучли бўлган мутахассисликларни тамомлаган битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги ҳолати таҳлил қилинган.
Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, СИ таъсири энг юқори бўлган йўналишларни битирган ёшларнинг меҳнат бозорига илк бор кириб келганда ишга жойлашиш эҳтимоли 5 фоизга пасайган. Ушбу гуруҳдаги битирувчиларнинг дастлабки тўлиқ иш чорагидаги даромади эса 13 фоизга камайган.
Муаллифлар даромаддаги бундай пасайишни йирик иқтисодий инқироз даврида ўқишни тамомлаганлар дуч келадиган йўқотишларга қиёслайди. Даромаддаги тафовутнинг тахминан ярми битирувчиларни ишга олган тармоқлар ичидаги маошларнинг пастлигига тўғри келган. Қолган қисми эса уларнинг ресторан ёки чакана савдо каби камроқ ҳақ тўланадиган ишларга ўтиб кетгани билан изоҳланади.
Бироқ сунъий интеллектни ёшлар ишсизлигининг ягона сабаби деб бўлмайди
СИнинг меҳнат бозорига таъсири борасидаги хавотирлар ортиб бораётган бўлса-да, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) вазиятга эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирмоқда.
Ташкилотнинг таҳлилида аъзо мамлакатларда ёшларнинг меҳнат бозорига кириши тобора қийинлашаётгани, айниқса, олий маълумотли ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси ошгани қайд этилган. Аммо бу ёмонлашувни бевосита сунъий интеллект билан боғлашга ҳозирча етарли асос йўқ.
OECD таъкидлашича, ёшлар бандлиги билан боғлиқ муаммолар ChatGPT ва бошқа тил моделлари оммалашишидан олдин ҳам бор эди. Ёшлар кўпинча муддати чекланган шартномалар асосида ишлайди ёки меҳнат бозорига умуман тажрибасиз кириб келади. Иқтисодий фаоллик пасайганда эса компаниялар биринчи навбатда айнан янги ходимларни ишга қабул қилишни тўхтатади.
Ташкилотнинг «OECD Employment Outlook» ҳисоботида кўрсатилишича, таҳлил қилинган мамлакатларда олий маълумотли ёшларнинг иш бозоридаги аҳволи пандемиядан аввалроқ ёмонлаша бошлаган.
СИ қайси касбларга кўпроқ таъсир қилиши мумкин?
Халқаро меҳнат ташкилоти генератив СИнинг касбларга таъсири бўйича тадқиқот эълон қилди. Унда 29 мингдан ортиқ вазифа таҳлил қилиниб, турли касблардаги иш жараёнлари СИ ёрдамида қай даражада автоматлаштирилиши мумкинлиги ўрганилган.
Ҳисоботга кўра, дунё бўйича ҳар тўрт ходимдан бири сунъий интеллект таъсир кўрсатиши мумкин бўлган соҳада ишлайди. Бироқ бу ўша иш ўринларининг тўртдан бири йўқолиб кетади дегани эмас. Ташкилотнинг хулосасича, аксарият касбларда инсон омили талаб қилинадиган вазифалар сақланиб қолади ва иш ўринлари бутунлай йўқолишдан кўра кўпроқ трансформацияга юз тутади.
Ёш ходимлар учун асосий муаммо шундаки, айнан бир хил, такрорий ва стандартлаштирилган вазифалар кўпинча бошланғич лавозимларнинг асосини ташкил қилади. Агар компаниялар шу вазифаларни автоматлаштирса, янги ходимларни ишга қабул қилиш ва уларни амалиётда ўқитиш усулларини қайтадан кўриб чиқишга мажбур бўлади.
Жаҳон иқтисодий форумининг ҳисоботида ҳам дунёдаги ёш ходимларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи СИ ўзгартириши мумкин бўлган касбларда банд экани айтилган.
Иш қидираётган ёшлар учун яна бир муаммо — рақобат
СИ меҳнат вазифаларини ўзгартириш билан бир қаторда, ишга қабул қилиш жараёнига ҳам таъсир ўтказмоқда. Бунда технологиянинг ўзи эмас, балки иш берувчи ва номзодлар ундан қандай фойдаланаётгани ҳам муҳим рол ўйнайди.
Буюк Британиядаги Талабаларни ишга жойлаштириш институти (ISE) 2026 йил 14 октябрда эълон қилган ҳисоботда битирувчилар ўртасидаги рақобат жуда юқори даражада қолаётгани қайд этилган. 2025–2026 йилларда битирувчилар учун ҳар бир бўш иш ўрнига ўртача 141 та ариза келиб тушган. Иш берувчиларнинг 45 фоизи ёш кадрларни олишни кўпайтирган, 40 фоизи эса аксинча, қисқартирган.
Шунингдек, иш берувчиларнинг 16 фоизи номзодларни саралашда СИдан фойдаланмоқда. Номзодлар томонидан резюме ва аризаларни тайёрлашда СИдан фойдаланиш ҳолатлари ҳам кескин кўпайган. Бироқ экспертларнинг фикрича, номзоднинг реал кўникма ва тажрибаларини акс эттирмайдиган бундай «сунъий» ҳужжатлар танлов жараёнини янада мураккаблаштирмоқда.
Ёшлар ва иш берувчилар нимани ўзгартириши керак?
Мутахассисларнинг фикрича, бу муаммоларга ечим фақатгина ходимларни янги технологияларга ўргатиш эмас, балки бошланғич лавозимларнинг ўзини қайта кўриб чиқишдир.
Компаниялар такрорий вазифаларни автоматлаштирар экан, янги ходимларга тажриба орттириш ва аста-секин мураккаброқ ишларга тайёрланиш учун етарли шароит яратиб беришлари керак. Ёшлар учун эса СИ воситаларидан унумли фойдаланиш кўникмасини шакллантириш ғоят муҳим. Аммо иш берувчилар барибир номзоддаги реал билим, муаммоларни мустақил ҳал қилиш қобилияти ва касбий тайёргарликни энг юқори ўринга қўяди.





