Дори воситасини БФҚ сифатида сотганлар фош этилди
Ўзбекистонда биологик фаол қўшимча сифатида сотилган маҳсулот аслида дори экани аниқланди, бу эса истеъмолчилар ҳуқуқлари ва бозор назорати масаласини кун тартибига олиб чиқди.
© iStockЎзбекистонда биологик фаол қўшимча (БФҚ) сифатида сотилган маҳсулот таркиби дори воситасига тенг экани аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, фуқаро мурожаати асосида ўтказилган текширув давомида дорихонадан харид қилинган маҳсулот таркиби таҳлил қилинган. Натижада унинг дори воситасига хос хусусиятларга эга экани тасдиқланган.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хулосасига кўра, мазкур маҳсулот БФҚ сифатида эмас, балки дори воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Бу ҳолат маҳсулотнинг амалдаги қонунчилик талабларига зид тарзда сотилганини кўрсатади.
Қайд этилишича, бу каби ҳолат илгари ҳам кузатилган. Жумладан, “MALIKA LABORATORIES” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “ОРСА” дори воситаси “ORS” номи билан БФҚ сифатида рўйхатдан ўтказилгани аниқланиб, унинг рухсатномаси бекор қилинган.
Ўрганишлар натижасига кўра, Рақобат қўмитаси томонидан тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун Санитария-эпидемиология қўмитасига тақдим этилди. Шунингдек, аввал рўйхатдан ўтган барча БФҚ маҳсулотларини қайта инвентаризация қилиш ва улар бўйича берилган хулосаларни қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.
Қонунчиликка мувофиқ, ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар истеъмолчиларга товар ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот тақдим этиши шарт. Агар маҳсулот нотўғри маълумот асосида сотилган бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилиш ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш имкониятига эга.





