Энди техпаспортни ҳар 5 йилда алмаштириш керак бўлади

Bugun 11:512 daqiqa

2026-йил 1-апрелдан транспортни бошқариш ҳуқуқи берилган шахсларга нисбатан жарималарни расмий ўтказиш имконияти ҳам ишга туширилди.

Энди техпаспортни ҳар 5 йилда алмаштириш керак бўлади

Ўзбекистонда 2026-йил 1-апрелдан бошлаб транспорт воситасини фуқаролик-ҳуқуқий асосда бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни расмий тарзда ўтказиш имконияти жорий этилди. Бу тартиб ҳайдовчилар ўртасида жарима баллларини адолатли тақсимлашга хизмат қилади.

Олдиндан хабардор қилиш зарур

Янги қоидага кўра, транспорт эгаси бошқа шахсга вақтинчалик бошқариш ҳуқуқини берган бўлса, қоидабузарлик содир этилган тақдирда жарима айнан ушбу шахс номига расмийлаштирилиши мумкин. Бунинг учун Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини олдиндан хабардор қилиш талаб этилади.

Низомга мувофиқ:

Хабардор қилиш жараёни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ёки Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси орқали амалга оширилади;

Фойдаланувчи шахсий кабинет очиб, махсус сўровномани тўлдиради ва бошқариш ҳуқуқи берилган муддатни кўрсатади;

Бошқариш ҳуқуқини олган шахс эса мазкур сўровномани тасдиқлаши лозим. У электрон рақамли имзо, «Mobile-ID» ёки «Face-ID» орқали розилигини билдириб, келгусида жарималар унга нисбатан расмийлаштирилишига рози бўлади.

Пулли хизмат

Мазкур хизматдан фойдаланиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи (41,2 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади. Ушбу механизм орқали транспорт эгалари жарима баллларидан асоссиз равишда зарар кўришининг олди олиниши кутилмоқда.

Шунингдек, мазкур қарор билан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга кўра, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳнома 5 йил муддатга расмийлаштирилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан бошлаб камера ва радарлар нафақат жарима солади, балки йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун автоматик равишда балларни ҳам белгилайди.

Teglar

Mavzuga oid