Logo

Google бош саҳифасидаги қидирув тугмасини сунъий интеллектга алмаштирмоқда

Bugun 08:002 daqiqa

Ўнлаб йиллар давомида ўзгармай келган таниш ва содда интерфейс ўрнини янги авлод воситалари эгалламоқда. Технология гиганти аноним тармоқ фойдаланувчилари учун оддий калит сўзлар билан излаш эмас, балки тўғридан-тўғри нейротармоқлар билан ишлашни биринчи ўринга олиб чиққан бутунлай янги бош саҳифани тақдим этди.

Google бош саҳифасидаги қидирув тугмасини сунъий интеллектга алмаштирмоқда

Google ўзининг бош саҳифасидаги анъанавий «Google Search» (Google қидирув) тугмасини олиб ташлади ва тизимга кирмаган фойдаланувчилар учун сунъий интеллектга асосланган янги талқинни синовдан ўтказмоқда. Бу ҳақда «Search Engine Watch» нашри маълум қилди.

Маълумотларга кўра, энди қидирув сатри остида одатий тугма ўрнига «Тасвирлар яратиш» (Create images), «Файллар ҳақида сўраш» (Ask about files) ва «Ақлий ҳужум» (Brainstorm) каби янги сунъий интеллект ёрлиқлари пайдо бўлган.

1


23

45

Image Credit: Venkat | Search Engine Watch

Шунингдек, қидирув сатрининг ичида «СИ режими» (AI Mode) тугмаси ҳам жойлаштирилган. Ушбу ўзгаришлар фойдаланувчи ўз аккаунтига кирмаган ҳолатда Google Chrome, Microsoft Edge ва Perplexity Comet браузерларида кузатилган.

Янги имкониятлар ва улардан фойдаланиш тартиби

Синовлар давомида «Файллар ҳақида сўраш», «Ақлий ҳужум» ва «СИ режими» функциялари Google аккаунтисиз (рўйхатдан ўтмасдан туриб) ҳам ишлаши маълум бўлди. Жумладан, «Файллар ҳақида сўраш» ёрлиғи танланганда, қидирув сатри ичида «+» тугмаси пайдо бўлади ва у орқали файл юклаб, сўнг у бўйича саволлар бериш мумкин бўлади.

«Ақлий ҳужум» функцияси орқали эса фойдаланувчилар ўзларига керак бўлган нарсани тасвирлаб, тезкор жавоб олишлари мумкин.

«Аммо тасвирлар яратиш функциясидан фойдаланиш учун Google ўз мижозларидан аккаунтга киришни талаб қилади», — дея мақоладан иқтибос келтиради нашр.

Таъкидланишича, бош саҳифадаги одатий «Омадим чопмоқда» (I’m Feeling Lucky) тугмаси ўз жойида сақлаб қолинган. Эътиборли жиҳати шундаки, агар фойдаланувчи ўз Google аккаунтига тизим орқали кирса, юқоридаги учта янги сунъий интеллект тугмаси ғойиб бўлади ва тизимдан чиққандан сўнг яна қайта пайдо бўлади.
Ҳозирча компания ушбу янги саҳифа барча фойдаланувчиларга тақдим этилиши ёки йўқлиги ҳақида расмий маълумот бермаган.

Хабарда айтилишича, бу маълум бир ҳудуд, сессия ёки аккаунтлар учун чекланган сервер синовининг бир қисми бўлиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid

Google бош саҳифасидаги қидирув тугмасини сунъий интеллектга алмаштирмоқда | Vaqt.uz