ИИО ходимлари нега хизмат қуроли билан ўзини отиб қўяди?

Ички ишлар ходимлари орасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига изоҳ берилди.

ИИО ходимлари нега хизмат қуроли билан ўзини отиб қўяди?

2026-йил 11-апрел куни Ички ишлар органлари фаолиятининг жорий йил биринчи чораги якунларига бағишланган матбуот анжуманида ходимлар ўртасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари юзасидан савол кўтарилди.

Матбуот анжуманида VAQT.UZ журналисти нега айрим ички ишлар ходимлари хизмат қуроли орқали ўз жонига қасд қилаётгани, бу ҳолатлар ходимнинг хизмати билан боғлиқми ёки шахсий ҳаёти билан боғлиқми, деган савол берди.

Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи ўринбосари Жамшид Султонов мазкур ҳолатларга расмий муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, тизимда хизмат қилаётган ходимларнинг руҳий ҳолатини назорат қилиш ва эҳтимолий босимларнинг олдини олиш мақсадида барча ҳудудларда психолог штатлари жорий этилган.

Султоновга кўра, ҳозирги кунда қарийб 200 нафар психолог шахсий таркиб билан иш олиб бормоқда.

«Ходимларнинг ўз жонига қасд қилиши аксарият ҳолатда бу ўша шахснинг ўзи билан, оилавий ёки бошқа низолари билан боғлиқ ҳолат. Агар ходимга нисбатан босим бўладиган бўлса, ходим тўғридан тўғри шахсий хавфсизлик хизматига ёки вазиримизга, ёки ўзининг биринчи раҳбарларига мурожаат қилиш имконияти бор, унга тўсқинлик қилинмайди», — деди вазирлик расмийси.

Шунингдек, у агар қандайдир раҳбар томонидан ноқонуний босим бўлса, бу ҳолатни ҳал қилиш учун институционал имкониятлар мавжуд бўлиб, бу ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб бормаслиги кераклигини таъкидлади.

«Қисқача айтганда, содир этилаётган ўша ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари бу уларнинг тўғридан тўғри иш фаолияти билан боғлиқ эмас»,— деди Султонов.

Teglar

Mavzuga oid