«Ижодга инвестиция» жамғармаси ташкил этилади
Ўзбекистонда ҳар йили 100 нафар иқтидорли ёшлар давлат маблағи ҳисобидан нуфузли хорижий маданият ва санъат муассасаларида таҳсил олади.
© Prezident matbuot xizmatiЎзбекистонда маданият ва санъат соҳасидаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббуслар эълон қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 1 июн куни маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида ҳар йили 100 нафар ёшнинг давлат ҳисобидан хорижий маданият ва санъат даргоҳларида таълим олиши йўлга қўйилиши маълум қилинди.
Мазкур ташаббус миллий маданият ва санъат соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, иқтидорли ёшларнинг халқаро тажриба ва билимлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Истеъдодларга рағбат
Йиғилишда ёш истеъдодлар ҳамда уларнинг устозларини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор молиявий рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланди.
Хусусан, 1 сентябрдан бошлаб республика танловлари ғолибларига 100 миллион сўмгача мукофот пули берилади. Нуфузли халқаро танловларда совриндор бўлган ёшлар эса 300 миллион сўмгача мукофот олиши мумкин.
Бундан ташқари, халқаро ва республика миқёсидаги танловларда иштирок этиш билан боғлиқ барча харажатлар тўлиқ қоплаб берилади. Бу эса иқтидорли ёшларнинг халқаро майдонларда ўз салоҳиятини намоён этиши учун қўшимча имконият яратади.
Уларнинг устоз ва мураббийлари ҳам давлат эътиборидан четда қолмайди. Белгиланган тартибга кўра, уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устама тўланади.
Янги жамғарма
Соҳада иқтидорларни аниқлаш ва ривожлантириш тизимини кучайтириш мақсадида «Ижодга инвестиция» жамғармаси ташкил этилиши ҳам маълум қилинди.
Ушбу жамғарма орқали ёш истеъдодларни кашф этадиган, продюсерлик фаолиятини ривожлантирадиган ва ижодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайдиган бизнес ташаббусларга маблағ ажратилади.
Жамғарма фаолияти учун ҳар йили 200 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланган. Шунингдек, эълон қилинган имтиёз ва енгилликлар хусусий ижодий гуруҳларга ҳам татбиқ этилади. Бу қарорлар маданият ва санъат соҳасида рақобатбардош муҳитни шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.





