Logo

Жиззахдаги улкан АЭС қурилиши қайси босқичда? Президентга ҳисобот берилди

Лойиҳа умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади.

Жиззахдаги улкан АЭС қурилиши қайси босқичда? Президентга ҳисобот берилди © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятидаги интеграциялашган атом электр станцияси қурилиши ва унга ёндош замонавий шаҳарча барпо этиш бўйича ишлар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Реактор биноси учун котлован қазиш ишлари тўлиқ якунланган. Қурилиш жараёнида 1 миллион куб метрдан ортиқ тупроқ чиқарилган, пойдевор плитасининг бир қисмига 916 куб метр бетон қуйилган. Қурилиш-монтаж базасидаги 100 гектар майдонда ер ишлари ҳам тўлиқ бажарилган.

Лойиҳа 2026 йил 4 июндан қурилишнинг фаол босқичига ўтган. Айни пайтда майдонда 450 нафар ишчи ва мутахассис 100 дан зиёд махсус техника билан ишламоқда. Умумий қиймати 9,5 миллиард доллар бўлган лойиҳада 3 мингга яқин турдаги маҳсулот ва ускуналардан фойдаланиш режалаштирилган.

Маҳаллийлаштиришга янги талаб


Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улуши ҳозирча 21 фоиз ёки 1,9 миллиард долларни ташкил қилмоқда. «Давлатимиз раҳбари бу кўрсаткич етарли эмаслигини таъкидлади ва уни камида 30 фоизга етказиш вазифасини қўйди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини миллий корхоналар бажариши ва 7 минг нафар маҳаллий ишчи ҳамда мутахассисни лойиҳага жалб этиш вазифаси белгиланди. Бу талаб АЭС қурилишида маҳаллий саноат иштирокини сезиларли оширишни назарда тутади.

Фориш туманида 200 гектар майдонда қурилиш материалларига ихтисослашган махсус саноат зонасини ташкил этиш режалаштирилмоқда. У ерда камида 100 та қўшма корхона жойлаштирилиб, технологиялар трансфери орқали 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади.

Президент бу таклифни маъқуллаб, йил якунига қадар саноат зонаси иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзларини татбиқ этиш бўйича қарор лойиҳасини киритишни топширди.

«Атомчилар шаҳарчаси»

Станция ташқи муҳандислик инфратузилмаси учун 388 километр электр тармоқлари, 110 киловолтли подстанция, 21 километр ичимлик ва 120 километр техник сув қувурлари қурилади. Шунингдек, 39,5 километр автомобиль ва 11 километр темир йўл барпо этилади. Ушбу объектларда маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини 60–70 фоизга етказиш талаб қилинди.

Қурилиш даврида ишчилар ва уларнинг оилалари учун 200 гектар майдонда қарийб 33 минг аҳолига мўлжалланган «Атомчилар шаҳарчаси» барпо этилади. Биринчи босқичда 3 минг хонадонли уйлар фойдаланишга топширилади, кейинчалик шаҳарчада мактаб, тиббиёт, спорт, маданият ва дам олиш объектлари ҳам қурилади.

Лойиҳада хавфсизлик асосий талаб сифатида белгиланган. Барча ишлар МАГАТЭ талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ олиб борилади. 22–26 июнь кунлари МАГАТЭнинг комплекс баҳолаш миссияси Ўзбекистон миллий ядровий инфратузилмасининг ривожланиш ҳолатига юқори баҳо берган.

Кадрлар масаласи

Станцияни келгусида бошқарадиган юқори малакали операторлар, муҳандислар ва радиация хавфсизлиги мутахассисларини мақсадли тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қайд этилишича, Россия миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиалини 2023 йилдан буён 216 нафар талаба битирган.

Уларнинг 83 нафари Хитой, Венгрия, Франция, Италия ва Кореянинг етакчи олийгоҳларида магистратура ва аспирантурада таҳсилни давом эттирмоқда, яна 100 нафар мутахассис мамлакатимизнинг тўртта олий таълим муассасасида тайёрланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid