Logo

Корхоналар учун электр ва газ учун аванс 15 фоизга туширилади

АСКУЭ ва АСКУГ тизимига уланган, тўлов интизомини бузмаган корхоналар электр энергияси ва газ учун энди 15 фоиз олдиндан тўлов қилади. Шунингдек, “10 минг корхона учун — сунъий интеллект ҳамкор” дастури доирасида АИ технологияларини жорий этиш харажатларининг ярми компенсация қилинади.

Корхоналар учун электр ва газ учун аванс 15 фоизга туширилади © Prezident matbuot xizmati

Кўплаб тадбиркорлар электр энергияси ва газ учун 100 фоиз олдиндан тўлов қилиш талаби айланма маблағларини қисқартираётганини билдирган. Бу ҳақда Президент Хоразмда ўтказилган тадбиркорлар билан мулоқотда маълум қилди.

Шу муносабат билан, эндиликда АСКУЭ ва АСКУГ тизимларига уланган ҳамда тўлов интизомини бузмаган корхоналар учун электр ва газ бўйича аванс тўлови 15 фоиз этиб белгиланади.

Президент энергетика соҳасидаги бошқарув тизими ҳам тубдан ўзгартирилаётганини таъкидлади.

“Барча туманларда тадбиркорларнинг ҳозирги эҳтиёжи ва эртанги режасига қараб ишлайдиган янги тизим бўлади”, — деди давлат раҳбари.

Қурилишда пудратчи ва лойиҳачилар учун янги ёндашув

Келаси йилдан қурилиш соҳасида пудратчи ва лойиҳачи ташкилотларнинг ўсишини рағбатлантиришга қаратилган янги ёндашув жорий этилади.

Янги тартибга кўра, қурилиш қаерда амалга оширилишидан қатъи назар, ҳар бир ишчи-соат учун энг кам иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида маблағ режалаштирилади.

Шунингдек, давлат объектлари сметасида:

●     пудрат корхоналари учун 7 фоиз фойда назарда тутилади;

●     қурилишнинг мураккаблигига қараб, лойиҳалаш ишлари учун объект қийматининг 4–7 фоизигача маблағ ажратилади.

Замонавий бошқарув ва АИ талаб ҳамда даромадни оширмоқда

Президент учинчи йўналиш сифатида “сунъий интеллект — бошқарув самарадорлиги — янги инвестициялар” экотизимини яратиш вазифасини белгилади.

Таҳлилларга кўра, замонавий бошқарув ва сунъий интеллект ёндашувларини жорий қилган тадбиркорларнинг 54 фоизида маҳсулотга талаб кескин ошган.

Корхоналарнинг 25 фоизида таннарх камайган, 40 фоизида эса даромад ўсиши ҳисобига ишчиларнинг ойлиги 10 фоиздан кўпроққа ошган.

“Бугун қайси тадбиркор қўшилган қийматни кўпайтирса, сунъий интеллект ёрдамида унумдорликни оширса, таннарх бўйича изланса, эртанги бозор униқи”, — деди Президент.

Биринчи суперкомпьютер кластери ишга туширилди

Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида биринчи суперкомпьютер кластери ишга туширилди. Келаси йили унинг қувватини 3 карра ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, тадбиркорлар учун “10 минг корхона учун — сунъий интеллект ҳамкор” дастури бошланади.

Дастур доирасида корхоналарга сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи компенсация қилинади.

Янги маҳсулот учун сунъий интеллект моделини яратишда тадбиркорларга суперкомпьютердан бепул фойдаланиш имконияти берилади. Илмий-тадқиқот харажатларини ҳам буджет ҳисобидан қоплаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, тадбиркорлар фойдаланиши учун тайёр сунъий интеллект дастурлари очиқ платформага жойлаштирилади.

Дастурнинг биринчи босқичига камида 100 миллион доллар ажратилади.

Тўқимачилик тажрибаси бошқа тармоқларга ҳам татбиқ этилади

Автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий этиш бўйича тўқимачилик саноатидаги тажрибани электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноати корхоналарига ҳам татбиқ этиш режалаштирилган.

Ушбу тармоқлардаги корхоналарда автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий этиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Шу тариқа, тадбиркорлар учун энергия тўловларидаги аванс юкини камайтириш, қурилиш соҳасида пудратчи ва лойиҳачилар фаолиятини рағбатлантириш ҳамда сунъий интеллект ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларини кенг жорий этишга қаратилган янги қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий қилинади.

Teglar

Mavzuga oid