«Microsoft» сунъий интеллект ва квант технологиялари бўйича янги ишланмаларини тақдим қилди

Компания ўзининг алоҳида идентификациясига эга бўлган ва офисда рақамли ходим вазифасини бажара оладиган сунъий интеллект ёрдамчисини тақдим этди.

«Microsoft» сунъий интеллект ва квант технологиялари бўйича янги ишланмаларини тақдим қилди © Microsoft

«Microsoft» Сан-Францискода ўтказилган ҳар йилги «Build» дастурчилар конференциясида сунъий интеллект ва квант ҳисоблаш соҳасидаги қатор янги маҳсулот ҳамда технологияларни тақдим этди. Компания тўлақонли рақамли ходим сифатида ишлай оладиган «Scout» СИ-ассистентини намойиш қилди, СИ-агентлар учун мўлжалланган янги қурилмалар платформаси – «Project Solara»ни эълон қилди ва СИ моделлари ҳамда веб-агентларни ишга тушириш учун компютерларни тақдим этди. Шунингдек, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси ва «Azure» булутли хизмати эгаси бўлган «Microsoft» янгиланган «Majorana» квант чипини ҳам таништирди. Компания фикрича, ушбу чип 2029-йилгача квант компютерининг тижорий версиясини яратиш мақсадига яқинлаштириши мумкин.

Янги сунъий интеллект ишланмалари

«Microsoft» ўтган йил охирида ташкил этилган суперинтеллект яратиш бўйича жамоасининг ишланмаларини намойиш қилди. «Reuters»нинг ёзишича, компания «Anthropic» ва «OpenAI» билан рақобатда орқада қолишни қисқартириш мақсадида йирик булутли провайдерлар орасида энг самарали деб баҳоланаётган нутқни таниб олиш моделини, шунингдек, «Google» ишланмасига рақобатчи бўлиши кутилган тасвир яратиш моделини тақдим этди.

«Microsoft»нинг мулоҳаза юритиш имкониятига эга биринчи модели – «MAI-Thinking-1», компаниянинг сунъий интеллект йўналиши раҳбари Мустафо Сулаймоннинг сўзларига кўра, «Anthropic»нинг «Claude Opus 4.6» модели даражасидаги натижаларни намоён қилган. Бироқ «Anthropic» ўтган ҳафтаёқ «Opus 4.8» версиясини тақдим этган.

Шунингдек, «Microsoft» «Scout» номли СИ-ассистент ҳақида ҳам маълум қилди. «Bloomberg» маълумотига кўра, у «OpenAI»нинг «ChatGPT» ёки «Microsoft»нинг «Copilot» хизмати каби эмас, балки корпоратив электрон почта ва календар тизимларида алоҳида ходим сифатида намоён бўлади. Масалан, у жадвалда тўқнашув юзага келганда учрашувни кўчиришни сўраши ёки раҳбар номидан ходимлар саволларига жавоб бериши мумкин.

«Унинг ўз идентификацияси бор, шунинг учун бошқа ходимлар ҳам унинг хизматларидан фойдаланиши мумкин», – дейди «Microsoft»нинг бизнес иловалари ва иш жараёнлари учун СИ бўлими раҳбари Чарлес Ламанна.

Бундан ташқари, «Microsoft» интернетда мустақил равишда маълумот излаш имконига эга бўлган «Web IQ» технологиясини ҳам тақдим этди.

СИ-агентлар учун «темир»

«Microsoft» «Project Solara» – ақлли колонка ҳажмига яқин бўлган қурилмалар прототиплари оиласини тақдим қилди. Платформа «Qualcomm» ва «MediaTek» чиплари асосида қурилган.
«Reuters»нинг ёзишича, ушбу қурилмалар экран ва микрофонлар билан жиҳозланган, аммо анъанавий операцион тизим ва иловалар ўрнига муайян вазифаларни бажариш учун булутли тизимлар билан ҳамкорлик қилувчи СИ-агентлардан фойдаланади.
Мисол сифатида «Microsoft» ҳамширанинг бемор қабул қилиш жараёнини автоматик тарзда ҳужжатлаштира оладиган қурилмани намойиш қилди.

«Бу янги платформа, аммо эҳтимол ундан ҳам муҳими – у янги ечимлар яратиш имкониятларини деярли чекламайдиган янги қоидаларни белгилаб беради», – деди конференциядаги чиқиши чоғида «Microsoft» бош директори Сатя Наделла.

СИ учун фойдаланувчи компютерлари

«Microsoft» сунъий интеллект вазифалари учун оптималлаштирилган процессорга эга «Surface RTX Spark Dev Box» компютерини ҳам тақдим қилди. Компания маълум қилишича, қурилма мураккаб сунъий интеллект моделларини бевосита шахсий компьютерда ишга тушириш имконини берувчи янги NVIDIA чипидан фойдаланади.

«Reuters» маълумотига кўра, тақдимот давомида «Microsoft» 120 миллиард параметрли моделнинг ишлашини кўрсатди. Бундай моделни оддий шахсий компютерларнинг аксарияти юклай олмайди.

Сатя Наделла янги «Surface RTX Spark Dev Box»ни «орзудаги компютер» деб атади. Унинг сўзларига кўра, қурилмага буюртма бериш учун кутиш рўйхати шаклланган ва у шахсан ўзи ҳам ушбу рўйхатдан жой олган.
Янги компютерлар қатори нарх жиҳатидан «Apple»нинг премиум қурилмалари билан рақобатлашиши кутилмоқда.

«Majorana» 2 квант чипи

«Microsoft» янгиланган «Majorana 2» квант чипини тақдим қилди. Унда квант компютерининг асосий ҳисоблаш элементлари бўлган 12 та кубит мавжуд. Бу аввалги версиядаги 8 та кубитга нисбатан кўпроқдир.

Кубитлар сонининг ортиши ва уларнинг барқарор ишлаш муддатининг узайиши амалий қўллашга яроқли қудратли квант тизимларини яратиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

«Microsoft» маълум қилишича, бошқа ишлаб чиқарувчиларда кубитнинг «яшаш вақти» микросониялар билан ўлчанса, «Majorana 2» кубитнинг ўртача 20 сония, айрим ҳолларда эса бир дақиқагача барқарор ишлашини таъминлайди.

Компания таъкидлашича, бу яхшиланишни бир кун ишлайдиган телефон аккумулятори зарядни қарийб уч йил ушлаб тура оладиган даражага етгани билан қиёслаш мумкин. «Microsoft» маълумотига кўра, «Majorana 2» асосида янги материаллар комбинацияси ётади. Бу технологиянинг олдинги авлодига нисбатан кубитлар ишончлилигини 1000 баравар ошириш имконини берган.

«Бундай тез суръатдаги тараққиётни ҳисобга олган ҳолда, биз кенгайтириш мумкин бўлган ва амалий фойда келтирадиган квант компьютерини яратиш бўйича йўл харитамизни тезлаштирмоқдамиз. Биз муддатларни икки баравар қисқартирдик ва энди ушбу мақсадга 2029-йилга келиб эришишни режалаштирмоқдамиз», – деди «Microsoft»нинг квант қурилмалари йўналиши раҳбари Четан Наяк.

Teglar

Mavzuga oid