Мирзиёев ўзбекистонликларни Наврўз байрами билан табриклади
Президент Наврўзга бағишланган тантанали тадбирда иштирок этиб, мамлакат аҳолисини байрам билан қутлади.

21 март куни «Янги Ўзбекистон» боғида ўтказилган тантанали маросимда президент Шавкат Мирзиёев мамлакат аҳолисини Наврўз байрами билан табриклади. У ўз нутқида бу йил Наврўз Рамазон ҳайити билан уйғун келганини таъкидлаб, бу ҳолат маънавий бирлик ва руҳий покланиш рамзи эканини қайд этди.
Президент халқни бирдамлик, аҳиллик ва бунёдкорлик руҳида яшашга чақирди. Шунингдек, ёшларни замонавий билим, хорижий тиллар ва касбларни эгаллашга ундаб, уларни Янги Ўзбекистоннинг таянчи сифатида таърифлади. Учинчи Ренессансни барпо этиш вазифаси айнан ёшлар зиммасига тушаётгани алоҳида таъкидланди.
Мирзиёев мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар изчил давом этаётганини билдириб, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари кенгайиб бораётганини қайд этди. Шу билан бирга, янги корхоналар, уй-жойлар, инфратузилма, таълим ва тиббиёт объектлари қурилиши жадал суръатларда амалга оширилаётгани айтилди.
Деҳқон ва фермерларнинг меҳнатига юксак баҳо берилди. Президент уларни мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи асосий куч сифатида эътироф этиб, давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланишини билдирди.
Нутқда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил яшаб, Наврўзни биргаликда нишонлаётгани мамлакат барқарорлигининг муҳим омили сифатида қайд этилди.
“Биз жамиятимизда миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатликни бундан буён ҳам мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Бу борада қўшни ва қардош мамлакатлар билан бирга ягона Марказий Осиё овози бўлиб, минтақамизнинг тинчлик, биродарлик ва ҳамкорлик макони сифатидаги нуфузини оширишга устувор аҳамият қаратамиз”, — деди Мирзиёев.
Шунингдек, Марказий Осиёда тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантириш устувор вазифа экани таъкидланди. Президент хорижий элчилар ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳам байрам билан қутлади.





