Намангандаги тиббиёт муассасаларида 300 млн сўм асоссиз ундирилгани фош этилди

Bugun 12:252 daqiqa

Наманган вилоятидаги бир қатор туман тиббиёт муассасаларида фуқаролардан қарийб 300 млн сўм асоссиз маблағ ундирилгани аниқланди.

Намангандаги тиббиёт муассасаларида 300 млн сўм асоссиз ундирилгани фош этилди © sputniknews.uz

Наманган вилоятидаги тиббиёт муассасалари фаолиятида жиддий молиявий қонунбузилишлар аниқланди. Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, айрим ҳолатларда аҳолидан асоссиз тўловлар ундирилган.

Вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги бир қатор туман тиббиёт бирлашмаларида текширув ишлари ўтказилди. Жумладан, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларидаги муассасалар қамраб олинди.

Текширувлар давомида тиббиёт учун мўлжалланган ўлчаш ва синаш воситалари метрологик кўрикдан ўз вақтида ўтказилмагани маълум бўлди. Шунга қарамай, ушбу ускуналардан беморларни кўрикдан ўтказишда фойдаланилган.

Ишлатилмаган тиббий материаллар учун ундирилган пуллар

Шунингдек, нархномаларда кўрсатилган, аммо амалда ишлатилмаган тиббий материаллар учун ҳам фуқаролардан ҳақ ундирилгани аниқланди. Ушбу ҳолатлар натижасида умумий ҳисобда қарийб 300 миллион сўм миқдорида асоссиз даромад олинган.

Мутахассислар бу каби амалиётлар истеъмолчилар ҳуқуқларини жиддий равишда бузишини таъкидламоқда. Бундай ҳолатлар тиббиёт тизимига бўлган ишончга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилди. Қонунбузилишлар «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари талабларига зид экани қайд этилди.

Ишни кўриб чиқиш якунига кўра, тиббиёт муассасаларига фуқаролардан асоссиз ундирилган маблағларни қайтариш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди. Мазкур жараён қонун доирасида назоратга олинган.

Teglar

Mavzuga oid