Непалдаги сув тошқинлари оқибатида 160 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Непал ва Хитойнинг Тибет ҳудуди бўйлаб қарийб 1500 киши, жумладан 800 нафар хорижлик сайёҳлар бедарак йўқолган.
© ApНепалнинг Хитойга қарашли Тибет ҳудуди билан чегарасида юз берган кучли сел оқибатида 160 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 1500 нафар шахс бедарак йўқолди, дея хабар бермоқда Reuters нашри.
Маълумотларга кўра, бедарак йўқолганлар орасида камида 800 нафар хорижлик сайёҳ бор. Уларнинг 466 нафари 28 давлат фуқаролари бўлган. АҚШнинг 54, Буюк Британиянинг 33 нафар фуқароси, шунингдек, Канада, Малайзия, Украина ва Россия фуқаролари ҳам йўқолганлар рўйхатига киритилган.

Фото: AP
Ҳалокат содир бўлган ҳудуд сайёҳлар, альпинистлар ва зиёратчилар орасида машҳур бўлгани учун қидирув ишлари янада мураккаблашган. Непал ҳукумати қурбонлар сони янада ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Непал полицияси маълумотларига кўра, қурбонларнинг 64 нафари Читван округида, яна 26 нафари Шарқий Навалпараси ҳудудида топилган. Йўқолганлар орасида 28 нафар полиция ходими ҳам бор.

Фото: AP
Қайд этилишича, 5000 дан ортиқ ҳарбий ва полиция ходими жалб қилинган. Вертолётлар орқали омон қолганлар эвакуация қилиниб, аҳоли пунктларига озиқ-овқат ва зарур маҳсулотлар етказилмоқда. Қидирувчилар сув босган қишлоқлар ва вайрон бўлган ҳудудларда тирик қолганларни изламоқда.
Хитой давлат оммавий ахборот воситалари Тибет ҳудудида камида уч киши ҳалок бўлгани ва 550 дан ортиқ киши бедарак йўқолганини хабар қилди. Уларнинг 260 нафари хориж фуқароларидир.

Фото: AP
Бедарак йўқолганлар сел пайтида Гиронг чегара ўтиш пункти атрофида бўлган. Бу ҳудуд Непал ва Хитой ўртасидаги сайёҳлар ҳамда транспорт оқими учун асосий йўналишлардан бири ҳисобланади.
Ҳалокат сабаби
Офат 26-август куни Ҳимолайдаги Ленде дарёсига улкан муз ва тош массаси қулаши ортидан бошланган, дея тахмин қилинмоқда. Муз ва тош массаси тоғ дарёсига тушиб, катта тезликда тарқалган ва лой ҳамда сув оқимини юзага келтирган. Оқим Непал ва Тибет чегарасидаги аҳоли пунктлари, йўллар ва инфратузилма объектларига катта зарар етказган.

Фото: REUTERS
Сунъий йўлдош тасвирлари ҳам кўчки Непал-Хитой чегарасидаги Расувагади пунктидан тахминан 20 километр шимоли-шарқда содир бўлганини кўрсатди.

Ҳозирча бедараклар сони бўйича Непал ва Хитой томони тарқатаётган маълумотлар ўзаро фарқ қилмоқда. Шу боис қутқарув операцияси якунланмагунча қурбонлар ва бедараклар ҳақидаги рақамлар яна ўзгариши мумкин.





