Logo

Непалдаги сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 800 нафарга яқинлашди

Bugun 09:302 daqiqa

Қутқарувчилар ҳозиргача 781 кишининг жасадини топди. Шунингдек, Непалда 2502 киши бедарак йўқолган.

Непалдаги сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 800 нафарга яқинлашди

Непал ва Хитойда қутқарувчилар Ҳимолайдаги музлик қулаши ортидан юзага келган улкан сел ва лой оқимида бедарак бўлган минглаб одамларни излаш ишларини давом эттирмоқда.

Непал фалокатлар бошқармаси 781 киши ҳалок бўлгани, 2502 киши бедарак йўқолганини маълум қилди. Хитойнинг Тибет ҳудудидаги Жиронг уездида эса 16 киши ҳалок бўлган, 546 киши бедарак йўқолган.

Қизил Хочнинг баҳолашича, офатдан 90 мингдан ортиқ одам жабрланган бўлиши мумкин. Хитой ташқи ишлар вазири Ван И буни сўнгги йиллардаги «энг оғир чегаралараро офат» деб атаган. У қутқарув ишлари мураккаблиги мисли кўрилмаган даражага етганини билдирган.

Непалда қутқарув ишларининг асосий қисми сув босган бешта гидроэнергетика лойиҳасига қаратилган. Улар орасида «Юқори Тришули» мажмуаси ҳам бор. Мазкур объектда 350 га яқин киши туннель ичида қолиб кетган бўлиши мумкин.

Таниб бўлмас жасадлар

Непалда қурбонлар сонининг кўплиги ва жасадларнинг дарёлар орқали юзлаб километрга оқиб кетгани уларнинг шахсини аниқлаш жараёнини қийинлаштирмоқда. Шахси номаълум жасадлар сақлаш ва идентификация қилиш учун мамлакатнинг турли ҳудудларидаги 21 та шифохонага жўнатилган.

Непалда таниб бўлмайдиган юзлаб қурбонларни оммавий дафн қилиш ҳам бошланди. Читван ҳудудида офат оқибатида оқиб келган жасадларни дафн этиш учун юзлаб қабрлар қазилди. Шанба куни шахси аниқланмаган 96 нафар қурбон кўмилди, якшанба куни яна 100 дан ортиқ жасадни дафн этилган. Расмийлар жасадларнинг тез чириши аҳоли саломатлигига хавф туғдириши мумкинлигини билдирган. Шу сабабли дафндан олдин ДНК намуналари олинмоқда ва дафн жойлари ҳужжатлаштирилмоқда.

Айни пайтда Бхоте-Коши ва Тришули дарёларидаги тошқинлардан зарарланган ҳудудларда кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Ҳукумат маълумотларига кўра, операцияларга жами 19 895 нафар хавфсизлик ходими, жумладан 8 399 нафар армия, 7 213 нафар полиция ва 4 203 нафар Қуролли кучлар ходими жалб қилинган. Хитой ва Ҳиндистондан келган ихтисослаштирилган гуруҳлар ҳам операцияларда иштирок этмоқда. Ҳозиргача 8 186 киши қутқарилган. Мамлакат қутқарув ва гуманитар ёрдам ишларига камида 220 миллион юань, яъни 32,7 миллион доллар ажратган.

Teglar

Mavzuga oid