Logo

Ўз номига кредит олишни тақиқлаганлар сони 3 миллионга яқинлашди

Bugun 16:051 daqiqa

Ўзбекистонда сўнгги уч ойда «Кредитга тақиқ» хизматидан фойдаланганлар сони 267 минг нафардан зиёдга кўпайди.

Ўз номига кредит олишни тақиқлаганлар сони 3 миллионга яқинлашди © Sun'iy intelekt

2026-йил 1-октябр ҳолатига Ўзбекистонда 2 млн 841 минг 475 нафар жисмоний шахс «Кредитга тақиқ» хизматидан фойдаланди. Бу ҳақда Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) маълумот берди.

Қайд этилишича, жами фойдаланувчиларнинг 1 млн 656 минг 387 нафарини эркаклар, 1 млн 185 минг 88 нафарини эса аёллар ташкил этади.

2026-йил 1-июл ҳолатида мазкур хизматга уланганлар сони 2 млн 574 минг 26 нафар бўлган. Уч ой ичида кўрсаткич 267 минг 449 нафарга ёки 10,4 фоизга ошган.

Хизмат қандай ишлайди?

«Кредитга тақиқ» хизмати фуқаронинг ўз номига кредит, микрокредит ёки кредит картаси расмийлаштирилишини чеклаш ҳақидаги ихтиёрий қарорини реестрга киритишга асосланади. Бу имконият шахснинг хабари ва иштирокисиз кредит битими тузилиши билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олишга қаратилган.

Хизмат 2025-йил 6-июндан ишга туширилган. Ундан фойдаланиш бепул бўлиб, фуқаро тақиқни исталган вақтда ўрнатиши ёки олиб ташлаши мумкин.

Чекловни КАТМ мобил иловаси, кредит бюросининг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинет, марказнинг қўнғироқлар маркази, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш мумкин.

Teglar

Mavzuga oid