Logo

Ўзбекистон аҳолиси қандай қилиб 810 мингга кўпайди? Статистика қўмитаси изоҳ берди

Bugun 20:372 daqiqa

Аҳолини рўйхатга олиш якунларига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39,04 миллион нафарни ташкил этди.

Ўзбекистон аҳолиси қандай қилиб 810 мингга кўпайди? Статистика қўмитаси изоҳ берди © Foto: t.me/census_2026

2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 047 321 нафарни ташкил этди. Бу жорий статистик ҳисоб-китоблардаги кўрсаткичдан 810 617 нафар ёки 2,1 фоизга юқори. Бу ҳақда «Миллий статистика қўмитаси» аҳоли ва қишлоқ хўжалиги рўйхатга олишга бағишланган расмий саҳифасида маълум қилди.

Қўмитанинг таъкидлашича, мазкур фарқ аҳоли сони сунъий равишда оширилганини англатмайди. Жорий рўйхатга олиш мамлакатда амалда яшаб турган аҳолини тўлиқроқ қамраб олган.

Қайд этилишича, фарқ юзага келишининг асосий сабаблари қуйидагилар билан боғлиқ:

— жорий ҳисоб-китоблар одатда туғилиш, ўлим ва миграция бўйича маъмурий маълумотлар асосида юритилади;

— аҳолининг ички ҳаракати, яшаш жойини ўзгартириши, вақтинча бошқа ҳудудда бўлиши ёки рўйхат маълумотларининг ўз вақтида янгиланмаслиги ҳисоб-китобларда фарқ келтириб чиқариши мумкин;

— рўйхатга олиш жараёнида уй хўжаликлари, турар жойлар ва манзилли объектлар бўйича маълумотлар тўғридан-тўғри аҳолидан йиғилган;

онлайн рўйхатга олиш, OneID тизими, планшетлар ва геолокация маълумотларидан фойдаланиш қамровни кенгайтиришга хизмат қилган;

— Ўзбекистон ҳудудида 1 йилдан ортиқ истиқомат қилаётган хорижий фуқаролар ҳам рўйхатга олинган.

Халқаро амалиёт

«Миллий статистика қўмитаси»га кўра, жорий статистика ва рўйхатга олиш натижалари ўртасидаги тафовут халқаро амалиётда одатий ҳол ҳисобланади.

Масалан, Канадада бу кўрсаткич 3,15 фоизни, Қозоғистонда 1,6 фоизни, Россияда эса 1,12 фоизни ташкил этган.
Айрим давлатларда эса рўйхатга олиш натижалари жорий ҳисоб-китоблардан паст чиққан. Хусусан, Беларусда фарқ минус 0,7 фоиз, Австралияда эса минус 0,2 фоизни ташкил этган.

Қўмитанинг фикрича, Ўзбекистондаги 2,1 фоизлик фарқ халқаро амалиёт доирасига тўлиқ мос келади.

Рўйхатга олиш натижалари

Аҳоли рўйхатга олиш 15 январдан 28 февралгача икки босқичда ўтказилди. Дастлаб фуқаролар махсус ахборот тизими орқали мустақил қатнашди, кейин эса уйма-уй юриш орқали маълумотлар йиғилди.

Дастлабки натижаларга кўра, онлайн рўйхатга олиш аҳолининг 82,3 фоизини қамраб олган, назорат текшируви эса 97,3 фоиз аҳолини ўз ичига олган. Аҳолининг 2,7 фоизи эса турли сабабларга кўра рўйхатга олиш жараёнларида иштирок этмаган.

Аҳолининг 35,7 млн нафари ёки 91,3 фоизи ўзбек тилини она тили сифатида кўрсатган. Аҳолининг миллатлар бўйича таркибида ўзбеклар улуши 89,4 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, бир нафар аҳолини рўйхатга олиш харажати 0,12 АҚШ долларини (жами 56,4 миллиард сўм) ташкил этган.

Teglar

Mavzuga oid